2019-02-01 14:12:40

ТОШКЕНТ ШАҲАР ҲОКИМЛИГИ ҲАҚМИ ЁКИ ИНВЕСТОР АХМЕТ ДЕМИР?

31 январь куни Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги сайтида шу номда мақола чоп этилди. Унда бугун ОАВ вакиллари учун “Tashkent City”га уюштирилган пресс-турда туркиялик ишбилармоннинг эътирозларига берилган жавоб келтирилган. Қуйида мақоланинг тўлиқ варианти билан танишасиз.

“Туркиялик ишбилармон эътирозларига Тошкент шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари жавоб қайтарди

Аввал хабар берганимиздек, туркиялик инвестор Ахмет Демир пойтахтимиз марказидаги “Чорсу” меҳмонхонасини реконструкция қилиш ишлари суст бўлишида Тошкент шаҳар ҳокимлигини айблаган эди.

Жумладан, инвестор: “... Биз Тошкент шаҳар ҳокимияти ва бошқа мутасаддиларга қўшимча ер майдони ажратиш бўйича мурожаат этгандик. Натижада яна 3 гектар ер қўшиб берилишини ваъда қилиниб, бу ҳақда давлат раҳбарининг қарори ҳам чиқди, аммо ўша қарор ҳануз бажарилганича йўқ. Бунинг оқибатида ишимиз сустлашган, энг ёмони, банкдан кредит ололмаяпмиз. Банкка иккита кадастр ҳужжатини кўтариб бориб, кредит сўрасам, “Бизнес-режангизда кўрсатилган мана бу ҳудуднинг ҳужжати қани?” дейишади. “Мутасадди идоралар кейин қилиб берар экан”, дейман. Аммо улар ҳам четдан келмаган, шу юртнинг фуқаролари. Яхши билишадики, “Кейин қилиб берилади”, дегани баъзан “Ҳеч қачон қилиб берилмайди”, деганини англатади”, дейди.

Туркиялик ишбилармоннинг мазкур эътирозларига Тошкент шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари жавоб қайтарди:

— Ахмет Демир Ўзбекистонга 30 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш ҳисобига пойтахтимиз марказидаги “Чорсу” меҳмонхонасини мутлоқо текинга олган, — деди Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев. — Кейинчалик кредит олиш учун Ўзбекистондаги банкларга мурожаат қилган. Яъни у ташқаридан Ўзбекистонга 30 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритмаган.

Мазкур масалада мутасаддилар юқоридаги маълумотлар билан чекланди, холос.

Uza.uz мухбирининг “Эндиликда Ахмет Демир талаб қилган қўшимча 3 гектар жой ажратиладими ёки йўқ?”, деган саволи эса очиқ қолди”.

Фото: ЎзА