2019-02-01 14:19:21

ТАЪЛИМ ВА ТИББИЁТ ТИЗИМИ — ДЕПУТАТ НИГОҲИДА

Бугунги кунда тиббиёт ва таълимга қаратилаётган эътибор соҳадаги мавжуд камчиликларнинг олдини олинишида, сифатли кадрлар тизимини янада ривожлантиришга хизмат қилиб келмоқда. Айниқса, йиллар давомида аҳоли томонидан соҳага ва унинг ходимларига билдирилган бир мунча эътирозлар тизимга нисбатан эътиборни ҳамда масъулиятни оширди.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ҳам қаерда бўлмасин, албатта, соғлиқни сақлаш, таълим тизимини обдон ўрганиб, мавжуд муаммолар юзасидан ўз хулосаларига эга бўлишмоқда. Куни кеча депутат Қодир Жўраев ҳам Бухоро вилоятида келганида оилавий поликлиникалар, таълим муассасаларида бўлиб, у ердаги шароит, фуқаролар, ёшлар учун яратилган имкониятлар ҳамда соҳа мутахассисларнинг билим даражасини ўрганди.

Дастлаб Бухоро шаҳридаги 9-сон оилавий поликлиникада бўлган депутат ҳар бир умумий амалиёт шифокорларининг хонаси, лаборатория хоналари билан танишди.

          —42 минг 84 нафар аҳолига хизмат қилиб келаётган 130 та тиббиёт ходими учун ҳам, фуқаролар учун ҳам барча шароитлар яратилган, — дея бош шифокор Шоназар Бозоров маълумот берар экан, муассасадаги ҳомиладор аёлларни туғруққа психопрофилактика тайёрлаш хонаси билан таништириб ўтди.

Қайд этиш жоизки, мамлакатимиз раҳбари томонидан 2018 йилнинг декабрь ойида «Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони имзоланган. Унда тизимни ислоҳ қилишнинг энг муҳим йўналишлари алоҳида қайд этиб қўйилган.

Ҳақиқатдан ҳам, соҳада ечимини кутаётган муаммолар талайгина. Мазкур фармон амалда ўз натижасини бера бошласа, тиббиётдаги бир қатор муаммолар ўз-ўзидан ҳал бўлиб кетади, албатта. Депутатнинг ташрифидан асосий мақсад ҳам шунда, яъни қарор ва фармонлар ижроси жойларда қай даражада амалга ошириб келинмоқда, фуқаролардаги мавжуд муаммолар ўз ечимини топяптими?!

Ўрганиш давомида депутат аҳолининг тиббий саводхонлик ҳамда фуқароларнинг ўз соғлигига масъуллик даражасини оширишга алоҳида эътибор қаратиб бориш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш мақсадида тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириб бориш лозимлигини таъкидлади.

Поликлиникада фуқаролар учун электрон рўйхатнинг жорий этилганлиги ҳамда лаборатория хоналарининг замонавий тиббиёт асбоб-ускуналар билан жиҳозланганлиги аҳоли учун кўрсатилаётган хизматнинг энг яхши намуналаридан бири ҳисобланади. Қодир Жўраев тизимдаги ўзгаришларни кўриб, уларни янада шакллантириш, аҳоли учун қулайликлар кўламини кенгайтириш, оналар ва болаларнинг саломатлигига чуқурроқ эътибор қаратиш ва ҳомиладор аёлларнинг тиббий саводхонлигини ошириш борасида ўз таклифларини билдирди.

Ўрганишлар жараёнида шаҳардаги 22-умумтаълим мактабидаги имкониятлар ва шароитлар ҳам таҳлил қилинди. Албатта, тизимдаги имкониятлардан унумли фойдаланган мактаб жамоаси депутат эътирофига сазовор бўлди. Айниқса, спорт майдончалари, кимё, физика, чет тиллари хоналарининг замон талаби даражасида таъминланганлиги депутат томонидан алоҳида эътиборга олинди.  

Албатта, ўрганишлар давомида муаммолар ечими топилса ёки депутат томонидан таклиф билдирилса, тизимдаги мавжуд камчиликлар ўз-ўзидан ҳал этилади. Энг муҳими, фуқароларнинг ишончи ошади.

Моҳигул Абдуллаева,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Бухоро вилоят кенгаши матбуот котиби  

(“Туркистон-пресс”).