2019-02-01 16:21:09

ЎЗБЕКИСТОН ДЕЛЕГАЦИЯСИ МАГАТЭ РАҲБАРИ БИЛАН МУЗОКАРАЛАР ЎТКАЗДИ

2019 йилнинг 31 январида Ўзбекистон делегацияси Вена шаҳрида Атом энергияси бўйича халқаро агентлиги (МАГАТЭ) раҳбари Юкия Амано билан музокаралар ўтказди.  Бу ҳақда «Ўзатом» агентлиги матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон томонидан сўзга чиқар экан, Фанлар академияси президенти Беҳзод Йўлдошев мамлакатнинг тинч атомдан фойдаланиш соҳаси, энг аввало, атом энергетикаси соҳаси, тиббиёт ва қатор бошқа соҳалардаги ривожланиш босқичлари ҳақида сўзлаб берди.

Маълумки, ўтган йилнинг октябрида Ўзбекистонда биринчи атом электр станциясини қуриш лойиҳасига старт берилганидан бошлаб, республикада махсус ташкил қилинган “Ўзатом” агентлиги томонидан ушбу йўналишда босқичма-босқич ишлар амалга оширилмоқда. Бу эса, шу жумладан, Ўзбекистоннинг МАГАТЭ талаблари ва тавсияларига риоя қилишга содиқлиги, хусусан, ядро хавфсизлигини таъминлаш ва бошқа йўналишлар билан боғлиқдир.

МАГАТЭ бош директори радиацион ва ядровий хавфсизликни таъминлаш ва кучайтириш, шунингдек, техник ҳамкорлик доирасида лойиҳаларнинг амалга оширилишидан қониқишини билдирди. Таъкидландики, республикада АЭС қурилиши Ўзбекистонда таълим тизимини такомиллаштириш, ядро-муҳандислик фанлар, қурилиш саноати ва энергетика ривожланиши учун мустаҳкам замин яратади.

 

            Юкия Амано  МАГАТЭ нинг бундан буён ҳам Ўзбекистонга, шу жумладан, атом электр станцияси қурилиши жараёнида техник ва эксперт ёрдамни кўрсатишга тайёрлигини тасдиқлади.

Таъкидлаш лозимки, бир неча кундан сўнг Тошкентда МАГАТЭ экспертлари иштирокида навбатдаги семинар бўлиб ўтади.

Учрашув натижаларига кўра, агентликнинг бош директорига исталган пайтда Ўзбекистонга расмий ташриф буюриш ҳақидаги таклиф хати топширилди.

“Туркистон-пресс”