2019-02-01 17:09:46

АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИДА АХБОРОТ-ТАҲЛИЛ МУЛЬТИМЕДИА МАРКАЗИ ТАҚДИМОТИ БЎЛИБ ЎТДИ

2019 йилнинг 1 февраль куни Адлия вазирлиги ҳузуридаги энг янги IТ-технологиялари ва рақамли ускуналар билан жиҳозланган Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази тақдимоти бўлиб ўтди.Бу ҳақда вазирлик Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.

 Тантанали очилиш маросимида мамлакатимиз парламенти, суд-ҳуқуқ соҳасининг етакчи вакиллари, турли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, маҳаллий ва хорижий ОАВ, шунингдек, кенг жамоатчилик иштирок этди. Президентимизнинг “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони билан Адлия вазирлиги олдига қўйилган долзарб вазифалар ижроси доирасида марказ ўз фаолиятини мутлақо янги форматда давом эттиради. Муҳим мезонлар сифатида жамоа сифат, таҳлил, креатив ёндашув ва инновацион ечимни белгилаб олган. 


Шу билан бирга, ушбу марказ мазкур Фармон билан Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепцияси ҳамда Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепциясини 2019 йилда самарали амалга ошириш бўйича тасдиқланган “Йўл харитаси”да белгиланган вазифалар ижросини таъминлашни ўз олдига асосий мақсад қилиб белгилаб олган.

Мультимедиа марказида ижод қилиш учун барча шароитлар яратилган. Махсус декорацияли ва замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган бир нечта студия фаолият юритиб, уларга мамлакатимизнинг етакчи телеканаллари ҳам ҳавас қилса арзийди. Бу ерда ток-шоу ва турли форматдаги дастурларни суратга олиш мумкин. Оммавий ахборот воситалари билан мулоқот қилиш, жумладан юзма-юз интерактив учрашувлар, брифинг ва матбуот анжуманлари ўтказиш учун махсус медиа майдончалар яратилган. Марказни техник жиҳатдан жиҳозлаш — LED-экранлар, камералар, ёритгичлар, кўп функцияли овоз ёзиш тизими ва бошқа аппаратура жамоага энг дадил медиа лойиҳаларни амалга ошириш, хусусан ҳужжатли фильмларни суратга олиш имконини беради.

“Туркистон-пресс”