2019-02-01 17:32:32

ДЕПУТАТЛАР МУЛОҚОТЛАРИНИНГ АМАЛИЙ ИФОДАСИ — ХАЛҚ РОЗИЛИГИДА

Давлатимиз раҳбарининг кўрсатмалари асосида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг ҳудудларда бўлиб, сайёр қабул ўтказаётгани муаммолар ечимига йўл очмоқда.

Қонунчилик палатаси депутатлари ҳар ойнинг охирги ўн кунлигида жойларда аҳоли билан мулоқот қилиб, одамларнинг дарду-ташвишлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжлари, турмуш шароитларини ўрганиш, жойларда мавжуд муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш чора-тадбирларини олиб бормоқдалар. Шунингдек, Давлатимимз раҳбари томонидан имзоланган Қарор ва Фармонларнинг мазмун ва моҳиятини аҳолига етказишда фаоллик кўрсатишмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзолари ҳам айни кунларда ҳудудларда бўлиб, сайловчилар билан юзма-юз мулоқотлар ўтказишмоқда.

Андижон..вилояти:

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати М.Дадаходжаева куни кеча Бўтақора қишлоғи Наврўз маҳалласида сайловчилар билан учрашди. Ҳудуддаги 20 км. йўлни асфальтлаш, Т.Содиқов номли мусиқа мактабини таъмирлаш, 27-, 28-, 29-мактабларни замонавий ахборот коммуникация технологиялари билан таъминлаш, ичимлик сув қувурларини алмаштириш каби аҳолини қийнаётган муаммолар бўйича қилинган 7 та мурожаатни ўз назоратига олди. Депутат сифатида тегишли идораларга чиқиб, муаммолар ечимига йўл топишлигини билдирди.

— Юзма-юз мулоқотда фуқаро Насибахон Абдуллаева саломатлиги яхши эмаслиги, шифокорлар бир неча ойдирки аниқ ташхис қўймаётганлигини билдирди,— дейди М.Дадаходжаева.— Унинг кам таъминланган оила аъзоси эканлиги эътиборимни тортди. Туман тиббиёт бирлашмасига бу масалада депутат сўрови билан чиқдим. Беморни соғломлаштириш бошланди. Бундан унинг оиласидагилар ҳам хурсанд.

Хоразм..вилояти:

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мақсуд Қурбонбоев Хоразм вилояти Урганч туманидаги Ғайбу қишлоқ-хўжалик касб-ҳунар коллежида сайловчилари билан учрашув ўтказди.

Очиқ мулоқот шаклида ташкил этилган учрашувда иштирокчилар ўз фикр ва мулоҳазалари билан бир қаторда ташвишлантириб келаётган муаммо ва камчиликлари хусусида баён этишди. Жумладан, “Туркманлар” маҳалласи фуқаролари томонидан маҳалланинг “Ола уйлик” қисмидаги ичимлик суви муаммоси, “Чорвабозор” ҳудудига кираверишдаги йўл ёғингарчилик пайтлари йўловчилар учун муаммолар туғдираётгани тўғрисида баён этишди. Депутат М.Қурбонбоев мазкур муаммоларни ўрганиб туман ҳокимига мурожаат этишини билдирди. Шунингдек, коллеж ўқувчиларидан Даврон Қаландаров чорвачилик, Ҳамид Жуманазаров туман бозорида кийим-кечак сотиш учун магазин очиш истаги борлигини билдириб, имтиёзли кредит олиб беришда амалий ёрдам сўраб мурожаат этди. М.Қурбонбоев мурожаатчилар билан дилдан суҳбатлашди ва тегишли ташкилотлар билан гаплашиб бу муаммони ҳал этишни билдирди.

Фарғона..вилояти:

Сайловчилар билан юзма-юз мулоқот қилиш, уларни ўйлантириб келаётган муаммоларни ижобий ҳал қилишда Ўзбекистон “Адолат” СДП партиясидан номзоди кўрсатилиб, айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати бўлиб фаолият олиб бораётган Умиджон Сулаймонов ўзига юклатилган вазифаларни сидқидилдан амалга ошириб келмоқда. Унинг Қўштепа туманидаги ўрганишлари ҳам амалий саъй-ҳаракатларнинг давоми бўлди.

Туман аҳолиси билан олиб борилган мулоқотлар жараёнида сайловчиларни қийнаб келаётган бир қатор муаммолар аниқланди.

Жумладан, “Қийиқи” МФЙдаги 400 та хонадон эгаларини ичимлик суви масаласи қийнамоқда. Улар узоқ масофадан сув ташиб келиб истеъмол қилишади. Маҳалла фаоли Нурулло Дадахонов шу ҳақда айтиб ўтди. Айни пайтда 5 та кўчани электр таъминоти масаласида ҳам муаммо борлигини, ушбу кўчалар эски линияда қолиб кетганлиги таъкидланди. Уларни ҳал этиш масаласи шу куни туман ҳокими сектори штабида ўтган йиғилишда кўриб чиқилди. Унда ишчи гуруҳларининг фаолияти ҳам таҳлил қилинди.

— Ишчи гуруҳлари қониқарли ишламаяпти. Муаммолар ечими юзасидан фуқароларнинг мурожаатлари тўла қаноатлантирилмаяпти. Уй-жой, моддий ёрдам, электр таъминоти, сув таъминоти ва бошқа турли йўналишларда мурожаатлар келиб тушган. Мурожаатларнинг аксарияти ҳал бўладиган ва бунга имкон бўлса, уни ҳал қилиш керак. Агар ечими йўқ бўлса, сабабини тушунтириш зарур,— дея таъкидлади Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Умиджон Сулаймонов.

Якунда барча мутасаддилар танқидий фикрлардан тўғри хулоса чиқариб, тегишли тартибда иш ташкилаштиришлари кераклиги таъкидланди. Зарур кўрсатмалар берилди.

Наманган..вилояти:.

Депутат Шуҳрат Якубов ҳам Наманган шаҳридаги қатор корхона, ташкилот ва муассасаларда, маҳалла фуқаролар йиғинларида бўлди. Мулоқотлар чоғида мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг барча соҳаларида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, улар келтираётган самаралар ҳақида фикр юритилмоқда. Айниқса, “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” давлат дастурида белгиланган вазифалар кўпчиликни қизиқтираётгани сезилди.

Мулоқотлар давомида фуқаро Салима Каримова шаҳар газ таъминоти корхонаси аҳолига хизмат кўрсатишда йўл қўяётган камчиликлар ҳақида сўзлади. Маълум бўлишича, у яшайдиган хонадонда анчадан бери табиий газ йўқ. Аммо газчилар етказиб берилмаган “зангори олов” учун тинмасдан тўлов талаб қилмоқдалар. Ҳозиргача муаммонинг ечими топилмаган.

Фуқаро Дилшод Каримқулов эса Мажбурий ижро бюроси шаҳар бўлими ва солиқ инспекцияси ўртасида узвий ҳамкорлик ўрнатиш лозимлигини айтди. Чунки кўпинча қарзи йўқ хонадонларга ҳам суд орқали тўловни амалга ошириш ҳақида хатлар келмоқда. Фуқаролар эса қарзлари йўқлигини исботлаш учун солиқ инспекциясига чопмоқдалар. Қанча вақт ва асабни бой бериб, ўзларининг ҳақ эканликларини исботламоқдалар ҳам аммо бундан кимга фойда-ю кимга зарар, деган савол туғилиши табиий.

“Сардоба” маҳалласидаги “Нуроний” жамғармаси фаолларидан бири – Аҳмаджон ака Мамадалиевнинг айтишича, бундай муаммолар сонин кескин камайтириш мумкин. Фақат бунинг учун маҳаллий кенгашларнинг депутатлари фаоллик кўрсатишлари лозим. Сайловчилар охирги марта улар билан қачон учрашганликларини эслай ҳам олмайдилар. Ана шу депутатлар аҳоли ўртасида кўпроқ бўлганларида, муаммоларни ўрганганларида ва ечимини топиш ҳақида бош қотирганларида шундай бўлмас эди. Бу гапда жон борлигини ҳеч ким инкор эта олмаслиги аниқ.

Парламентдаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоларининг сайловчилар билан учрашувлари давом этмоқда.

Фарангиз НЕЪМАТОВА,

“Адолат” СДП фаоли

(“Туркистон-пресс”).