2019-02-06 15:53:16

БОШ МАҚСАД — МАЪМУРИЙ ИСЛОҲОТЛАРНИ ДАВОМ ЭТТИРИШ, ЗАМОНАВИЙ, ОҚИЛОНА БОШҚАРУВ ТИЗИМИНИ ЖОРИЙ ЭТИШ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 28 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида “Барчамизга аёнки, ислоҳот — бу янгиланиш, ўзгариш дегани. Ислоҳотлар ижобий натижа бериши учун, аввало раҳбарларимиз ва одамларимиз ўзгариши керак. Инсон ўзгарса, жамият ўзгаради”, деган пурмаъно гапни айтдилар.

Ушбу мақсадга эришиш учун бир қанча ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва уни ҳаётга тадбиқ қилиш лозим. Бунинг учун биринчи навбатда, “барча даражадаги раҳбарлар ва халқ депутатлари, барча етакчилар ўз фаолиятини танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик асосида ташкил этишларини бугун ҳаётнинг ўзи талаб этмоқда, деб таъкидланди.

2019 йилда ҳам олдимизга улкан вазифалар қўйилган. Бу биринчи галда замонавий, оқилона бошқарув тизимини жорий этишга қаратилган. Ушбу вазифаларни бажариш учун қуйидаги долзарб масалаларга эътиборни қаратиш лозим бўлмоқда. Бу вазифалар қуйидаги жадвалда ўз аксини топган (1-жадвал).

1-жадвал

Маъмурий ислоҳотларни давом эттириш,замонавий, оқилона бошқарув тизимини жорий этишга оид устувор вазифалар

Вазифалар т/р

Вазифаларнинг мазмуни

Биринчидан

Парламентнинг муҳим қарорлар қабул қилиш ва қонунлар ижросини назорат этиш фаолиятини кучайтириш вазифаси

Иккинчидан

Ижро ҳокимияти тизимини оптималлаштириш, маъмурий ислоҳотларни давом эттириш ва давлат бошқарувида замонавий менежмент усулларини кенг қўллаш зарурлиги

Учинчидан

Давлат бошқарувида самарадорликни ошириш мақсадида давлат хизматига малакали мутахассис-ларни жалб этишга қаратилган ягона кадрлар сиёсатини шакллантириш зарурлиги

Тўртинчидан

Маҳаллий ҳокимият органларининг ваколат ва масъулиятини қайта кўриб чиқишимиз, уларнинг мустақиллигини янада оширишимиз лозим

Бешинчидан

Халқ билан узлуксиз мулоқот ва инсон манфаатлари учун хизмат қилиш, барча даражадаги раҳбарлар учун нафақат мажбурият, балки ҳаётий тамойилга айланиши шартлиги

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида маъмурий ислоҳотларни давом эттириш, замонавий, оқилона бошқарув тизимини жорий этишга қаратилган бир қанча устувор вазифалар белгилаб берилди. Улардан биринчиси, парламентнинг муҳим қарорлар қабул қилиш ва қонунлар ижросини назорат этиш фаолиятини кучайтириш лозимлигига қаратилган.

Ҳозирги кунда ҳукумат аъзолари парламент олдида масъулиятни етарли даражада ҳис этаётган эмас, чунки конституцияга мувофиқ, парламент фақат Бош вазирни тасдиқлайди, лекин вазирларни лавозимга қўйишда қатнашмайди. Буни инобатга олиб Президентимиз мазкур мурожаатномасида Вазирлар Маҳкамаси аъзоларини Олий Мажлис томонидан тасдиқлаш амалиётини киритишни таклиф этди. Эндиликда бўлажак вазир парламент аъзолари олдида соҳани ривожлантириш бўйича ўз дастурини ҳимоя қилади ва унга эришиш йўлларини асослаб беради. Уларнинг илмий ва профессионал салоҳияти ва бошқарув қобилиятини, соҳадаги мавжуд муаммоларни ҳамда уларнинг ечимларини тўғри тушунишини шунга қараб баҳолайди.

Бундан буён жойлардаги маҳаллий Кенгашларда ҳам вилоят ва туман идоралари раҳбарларини тасдиқлаш бўйича мана шундай амалиётни жорий этиш муҳтарам Президентимизнинг мазкур мурожаатномасида тавсия этилган. Қисқа қилиб айтадиган бўлсак, ҳар бир катта-кичик раҳбарлар эгаллайдиган лавозимига муносиб эканини исботлайдилар. Энди инсонлар тақдири олдингидек фақат қоғозга қараб эмас, балки жонли мулоқот натижасида унинг кимлигини билган ҳолда хулоса қиладилар. Бу эса раҳбарларни тўғри танлаш имконини беради. Адолат ўрнатилади, ушбу жараённинг шаффофлиги таъминланди.

Бугунги кунда парламент назоратининг таъсирчан чоралари-дан ва асосий шаклларидан бири Давлат ва қуйида маҳаллий бюджетларни қабул қилиш ва унинг ижросини кўриб чиқишга алоҳида аҳамият берилади. Шу мақсадни кўзлаб, Олий Мажлис қошида Давлат бюджети бошқармасини ташкил этиш тавсия қилинди. Мазкур бошқарма ушбу ишни юқори профессионал даражада йўлга қўйишга эришиши лозим.

Иккинчидан, ижро ҳокимияти тизимини оптималлаштириш, маъмурий ислоҳотларни давом эттириш ва давлат бошқарувида замонавий менежмент усулларини кенг қўллаш зарур.

Олдин ҳам, ҳозир ҳам ислоҳотлар ижроси учун жавоб берадиган юқори ваколатли орган барча давлатларда Ҳукумат ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида келтирилишича, ҳозирги кунда Ҳукумат комплекслари таркибига 160 дан ортиқ идора ва ташкилотлар киради, Бош вазирнинг соҳа ва тармоқлар бўйича 8 нафар ўринбосари мавжуд. Лекин Вазирлар Маҳкамаси ва унинг таркибидаги идораларнинг ислоҳотлар жараёнидаги ўрни бугунги кун талабига тўлиқ жавоб бермаслиги ҳам таъкидланди. Жумладан, вазирлар ва компания раҳбарлари арзимаган масала бўйича ҳам Вазирлар Маҳкамасига қатнашга ўрганиб қолган. Оқибатда, Ҳукумат фақат кундалик жорий масалаларни ҳал қиладиган тузилмага айланиб бормоқда. Табиийки, бундай шароитда мамлакатимиздаги иқтисодиёт ва ижтимоий соҳадаги муаммоларни чуқур таҳлил қилиш ва жойлардаги ҳақиқий аҳволни ўрганишга вақт қолмайди. Натижада ўз олдидаги муҳим стратегик масалалар маълум даражада эътибордан четда қолиб кетиши табиий.

Бугунги кунда барча раҳбарларга қўйиладиган талаб ўзгармоқда. Жумладан, 2019 йилга “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” деб ном берганимиз муносабати билан мутасадди вазирлик ва идоралар олдига қўйиладиган вазифалар ҳам ўзгармоқда. Шу йилдан бошлаб, инвестиция киритиш масаласи оддий инвестиция эмас, балки фаол инвестиция бўлади ва ижтимоий ривожланиш ҳам оддий эмас, балки бу ерда ҳам фаол ривожланиш бўлади. Ушбу талаб кўпгина раҳбарлар фаолиятига ўзгартиришлар киритишга тўғри келтирди. Масалан, Ташқи ишлар вазирлиги ва унинг чет элдаги ваколатхоналари ҳам ўз ишини қайта кўриб чиқишлари, мамлакатимизга кўпроқ ўша ўзи элчи бўлиб турган мамлакатдан кўпроқ инвестиция киритишга сафарбар қилишлари лозим бўлади. Бу ўз навбатида, бизнинг хориждаги элчиларимиз фаолиятига ҳам қўйилган талабнинг ўзгаришига, уларнинг фаолиятига баҳо беришда биринчи навбатда инвестицияларни жалб қилиш бўйича қандай ишлаётганига ҳамда ана шу инвестиция миқдори қанчалигига қаралади.

Замон талабидан келиб чиқиб, Вазирлар Маҳкамаси Ҳукумат ва унинг таркибига кирувчи вазирлик ҳамда идоралар фаолиятини оптималлаштириш ва такомиллаштириш, иш самарадорлигини ошириш, раҳбар кадрларнинг шахсий жавобгарлиги ва масъулиятини кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиб, ижросини таъминлаш бўйича аниқ вазифалар белгилайди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида “Президент қабулхоналарининг икки йиллик иш тажрибаси шуни кўрсатдики, биз яқин ўтмишда халқдан, унинг ташвиш ва муаммоларидан анча узоқлашиб қолган эканмиз”, деган ҳақ гапни келтириб ўтган. Эндиликда фуқаролар билдирган фикр-мулоҳаза ва таклифларни фаолиятнинг барча йўналишларида инобатга олиб, давлат бошқарув тизимини ислоҳ қилишимиз, илғор давлат менежменти ва “ақлли” бошқарув принципларига босқичма-босқич ўтишимиз лозимлигига ҳам тўхталиб ўтди. Бундан буён давлат муассасалари бевосита одамлар билан ишлашга ўтади. 

Шу тариқа давлат идоралари халққа хизмат қилади, тадбиркорларга яқин кўмакчи бўлади. Давлатнинг бошқарув соҳасидаги баъзи функцияларини давлат-хусусий шериклик асосида жумладан, “аутсорсинг” шаклида хусусий секторга босқичма-босқич топшириб боради. Хуллас, ижро ҳокимияти тизимини оптималлаштириш, маъмурий ислоҳотларни давом эттириш ва давлат бошқарувида замонавий менежмент усулларини кенг қўллаш учун зарур бўлган барча ташкилий-иқтисодий ва ҳуқуқий механизмлар манзилли ишлайди ва ҳар бир соҳа бўйича мутасаддилар бўлади. Ушбу жараёндан ҳеч ким четда қолмайди, чунки натижадан ҳамманинг манфаатдорлиги таъминланади.

Учинчидан, давлат бошқарувида самарадорликни ошириш мақсадида давлат хизматига малакали мутахассисларни жалб этишга қаратилган ягона кадрлар сиёсатини шакллантириш зарур.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида яна бир оддий ҳақиқатни, яъни Давлат идораларида малакали ва етук кадрлар етишмаётганлигини  тан олиб айтишимиз кераклиги хусусида ҳам тўхталиб ўтди. Эътироф этилишича, “Ҳанузгача давлат хизматчиларининг мақоми белгиланмаган, давлат хизматига қабул қилишнинг ошкора механизмлари ишлаб чиқилмаган”. Ушбу муаммоларни ҳал этиш учун, аввало, давлат хизматчилари фаолиятини холисона баҳолаш бўйича самарали тизим жорий этиш зарурлиги ҳам таъкидланди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, муҳтарам Президентимиз ўзининг мурожаатномасида давлат органларида эртага, истиқболда қандай вазифалар долзарб бўлиши, содда қилиб айтганда, беш, ўн, йигирма йилдан кейин қандай муаммолар олдимизда кўндаланг бўлишини прогноз қиладиган тизим ҳали шаклланган эмаслигини ҳам афсус билан қайд этди. Бундан келиб чиқиб, Президент Администрациясига тармоқлар фаолиятини самарали бошқаришда стратегик таҳлил, режалаштириш ва прогноз тамойилларига асосланган узоқ муддатли давлат сиёсати Концепциясини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди. Бунинг учун келгусида давлат бошқаруви идораларида стратегик таҳлил ва прогнозлаштириш тузилмалари ҳам ташкил этилади.

Алоҳида қайд этиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида алоҳида Эксперт кенгаши ташкил этилади. Ушбу кенгашга хорижий мамлакатларнинг нуфузли олимлари ва амалиётчилари жалб қилиниши ҳам айтиб ўтилган. Кўриниб турибдики, давлат бошқарувида самарадорликни ошириш мақсадида давлат хизматига асосан малакали ва тажрибали етук мутахассисларни жалб этишга қаратилган ягона кадрлар сиёсати шакллантирилади. Чунки бутун дунёда барча соҳаларнинг мувоффақиятли юксалишини таъминлайдиган, моддий мулкнинг самарадорлигини оширадиган, жамият ҳаётининг танчлиги ва барқарорлигини ҳам таъминлайдиган ягона кун —бу инсон капитали, интеллектуал мулкдир.  

Тўртинчидан,маҳаллий ҳокимият органларининг ваколат ва масъулиятини қайта кўриб чиқишимиз, уларнинг мустақиллигини янада оширишимиз лозимлиги ҳам мазкур соҳанинг устуво вазифаларидан бири сифатида қайд этилган. Мурожаатномада таъкидланганидек, ҳудудларни ривожлантиришга оид масалаларни ҳал этишда аксарият ҳокимларда масъулиятни ўз зиммасига олиб, мустақил қарор қабул қилиш ва ташаббускорлик етишмаяпти. Уларнинг кўпчилиги бугунги тез ўзгаришлар замонига, ундаги пайдо бўлаётган муаммоларни ҳал қилишга мослаша олмаяпти. 

Мурожаатномада муҳтарам Президентимиз 2018 йилда Тошкент шаҳрида эксперимент тариқасида амалга оширилган давлат бошқарувининг янги тартиби бўйича айрим натижаларга тўхталиб ўтган. Бу бевосита шаҳар ва туман ҳокимларига молия, иқтисодиёт, инвестиция, қурилиш, уй-жой ва коммунал хизмат соҳалари раҳбарларини тайинлаш ваколати берилганлиги билан боғлиқ масалалар эди. Натижада 30 дан ортиқ комиссия ва кенгашлар тугатилиб, уларнинг ваколатлари тегишли ҳудудий органларга берилди. Самарасиз ишлаётган 12 та давлат унитар корхонаси ҳам тугатилди.Яна бир муҳим жиҳат, давлат бюджетига тушадиган маблағларнинг бир қисмини маҳаллий бюджетлар ихтиёрида қолдириш тартиби ўрнатилгани туфайли Тошкентда солиқ тушуми прогнозга нисбатан 2 триллион сўмга кўпайди. Давлат бошқаруви соҳасидаги бундай экспериментнинг ижобий натижаларини бошқа ҳудудларда ҳам жорий этишлади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳокимнинг айни вақтда Халқ депутатлари Кенгаши раиси сифатида фаолият кўрсатишига доир тартиб бекор қилинади. Ҳар бир шаҳар ва туманларда маҳаллий депутатлар таркибидан алоҳида Кенгаш раислари сайланади.

2019 йилда мамлакатимиз сиёсий-ижтимоий ҳаётида ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлган сиёсий жараён —  Олий Мажлис ва маҳаллий Кенгашларга навбатдаги сайлов ўтказилади. Ушбу тадбирни миллий қонунчилигимиз ва халқаро стандартлар асосида юқори савияда ўтказиш учун ҳар томонлама тайёргарлик ишларини ўз вақтида бошлаш ва амалга ошириш мақсадга мувофиқ. Бунинг юқори савияда ўтишини таъминлаш учун ушбу масалаларни Олий Мажлис палаталарида атрофлича муҳокама қилиб, амалий чоралар дастурини қабул қилиш лозим бўлади.

Бешинчидан, халқ билан узлуксиз мулоқот ва инсон манфаатлари учун хизмат қилиш, барча даражадаги раҳбарлар учун нафақат мажбурият, балки ҳаётий тамойилга айланиши шарт, деган муҳим вазифа ҳам қўйилган. Ушбу масала бўйича ўтган икки йил давомида анча тажрибалар тўпланди. Мамлакатимиз миқёсида қабул қилинаётган қонунлар, фармон ва қарорлар айнан халқнинг талабидан келиб чиқиб, уларнинг манфаатларини ифода этмоқда. Чунки, раҳбарларимиз жойларда аҳоли билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотлар ташкил этаётган бўлса, жисмоний ва юридик шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Қабулхонасига мурожаат қилиши жамиятимизда ҳукм сураётган муаммоларнинг манзилини, мазмунини, унинг кимларга тегишли эканлигини, қачон пайдо бўлганлиги каби жуда кўр мезонларни аниқлаш имконини бермоқда. Ушбу ишнинг ошкоралиги ва шаффофлигини таъминлаш  учун тегишли шароит яратиш жорий йилда ҳам катта-кичик давлат ташкилотлари фаолиятининг муҳим ва ажралмас қисми бўлиб қолади.

Хулоса қилиб айтганда, жамиятимизнинг барқарор ва жадал ривожланишига қаратилган ўнгланиш йўлидаги маъмурий ислоҳотларни давом эттириш, ҳаётимизга замонавий, оқилона бошқарув тизимини жорий этиш борасида охирги икки йил давомида маълум ютуқларга эришдик. Ушбу эришилган ютуқларимизга таянган ҳолда жорий йилда ҳам асосий эътибор  мавжуд камчиликларни аниқлашга қаратилади ва уларни бартараф этиш борасида муҳим қадам бўлади.

Мамаюнус ПАРДАЕВ,

Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти профессори,

 иқтисод фанлари доктори,

“Турон” фанлар академияси академиги.

(“Туркистон-пресс”).