2019-02-07 15:56:40

МТМЛАР ФАОЛИЯТИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЙЎЛИДА

Халқ депутатлари Когон шаҳар Кенгаши депутатлари эса бу галга ўрганишлари ўзининг амалий натижасини берди, депутатлар ҳам, масъуллар ҳам эътибор билан ёндашиб, аҳоли манфаатлари йўлида амалий ишларнинг натижасини кўрсата олишди.

2018 йилнинг сентябрь ойида Когон шаҳар Кенгаши депутатлари томонидан партиянинг “Мактабгача таълим — кадрлар тайёрлашнинг бирламчи бўғини” лойиҳаси доирасида “Шаҳардаги мактабгача таълим муассасаларида болаларни мактабга тайёрлаш сифати, таълим-тарбия жараёнига жаҳон амалиётида кенг қўлланиладиган замонавий таълим дастурлари ва технологияларини жорий этилиши ҳамда давлат-хусусий шериклик асосида янги турдаги мактабгача таълим муассасаларини ташкил этилиши ҳолати” юзасидан олиб борилган ўрганишлар сессия масаласига киритилди.

Таъкидлаш жоизки, Когон шаҳар мактабгача таълим бўлими тасарруфида 16 та давлат мактабгача таълим муассасалари мавжуд бўлиб, ўрганишга қадар 14 та МТМ фаолият олиб бораётганлиги аниқланди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 19 июлдаги “Мактабгача таълим муассасаларининг фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги ҳамда 2017 йил 18 декабрьдаги “Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ва унинг тизимидаги муассасаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда нодавлат мактабгача таълим муассасалари фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги қарорларга асосан 2018 йилда шаҳарда давлат-хусусий шерикчилиги асосида нодавлат МТМ тармоғини кенгайтириш бўйича 5 та МТМларида қурилиш ишлари бошлаб юборилган. “Адолат” МФЙда 100 ўринли “Когон-БЕК болажон”, “Улуғбек” МФЙда 120 ўринли “Нур-зиё”, “Зирабод”да 100 ўринли “Буюк болажон”, “Туркистон” МФЙда “Камалак” ва “Хўжабарги” МФЙда эса 120 ўринли “Ширинтой мухлис” сингари мактабгача таълим муассасалари қурилмоқда. Ўрганишлар давомида бир қатор камчиликлар аниқланди,  жумладан, шаҳарда 3-7 ёшли болалардан 2480 нафари қамраб олинган бўлса, 2769 нафарини эса қамраб олинмаганлар ташкил этади. Шунингдек, 1-МТМ таъмирталаб аҳволда бўлса, 15-мактабгача таълим муассасаси эса гарчанд 280 ўринга мўлжалланган бўлса-да, болажонлар учун атиги 140 ўрин ажратилган. Қолган қисмида эса шаҳар Архив бўлими ўз фаолиятини олиб бораётган эди. Айни ўтказилган сессияда тақдим этилган ўрганишлар ва маълумотлар масъуллар вазифасига бўлган эътиборни кучайтирди.

Сессияга қарорига кўра тегишли ташкилот ходимларига шаҳардаги МТМда болаларни мактабгача тайёрлаш сифатини янада ошириш, таълим-тарбия жараёнига замон талабларига жавоб беридиган кенг қўлланиладиган замонавий таълим дастурлари ва технологияларини жорий этилиши юзасидан алоҳида манзилли чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш, шаҳардаги таъмирталаб мактабгача таълим муассасаларини режаги асосан таъмирлаш бўйича дастурга киритишини назорат қилиш сингари вазифалар топширилди. Депутатлар ҳамда масъулларнинг масъулияти шаҳардаги фаолият олиб борувчи МТМлар сонини яна 2 тага оширди. 1-мактабгача таълим муассасаси 135 ўринли қилиб, янгидан қурилди. 15-мактабгача таълим муассасасининг қолган 140 ўрни амалдаги 140 ўринга бириктирилиб, тўлиқ қувват билан ишлаш учун қайта реконструкция қилинди.

—Партия томонидан олиб борилган ўрганишлар бизнинг ҳам масъулиятимизни оширди. Энг қувонарлиси, шаҳардаги МТМлар сонининг яна иккитага ошишига хизмат қилди, — дейди шаҳар мактабгача таълим бўлими раҳбари Гулнора Нажмеддинова.

Ҳар қандай таҳлил ўз натижаси билан бўлса у фуқаролар муаммоси учун амалий ечим бўла олади. Когон шаҳар Кенгаши ходимлари ва депутатларнинг фаолиятлари ҳам ана шундай ўрганишлардан бўлди. Сессия қарорлари ҳамда ўрганишлар шунчаки эмас, балки ўзининг амалий натижаси билан аҳамиятли эканлигини кўрсатди.

Моҳигул Абдуллаева,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Бухоро вилоят Кенгаши матбуот котиби

(“Туркистон-пресс”).