2019-02-07 16:04:28

ПЎЛАТ БОБОЖОНОВ ИЧКИ ИШЛАР БЎЛИМИГА “NEXIA 3” ХИЗМАТ АВТОМАШИНАСИНИ ТОПШИРДИ

Бугун Самарқанд шаҳар ҳокимлиги балансига ўтказилган Мотрид мавзесидаги 50 гектар ер майдони, бир пайтлар Самарқанд туманидаги “Мотид-Агросервис” агрофирмаси ҳудудидаги ер майдони эди. Ҳозир бу ерда Президентимизнинг “2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш Дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ижроси юзасидан кўп қаватли уй-жойлар қурилиши давом этмоқда.Бу ҳақда “Халқ сўзи” мухбири Умид Сориев хабар берди.

Бир пайтлар ҳувиллаб ётган бу ҳудудда, ўтган 2018 йилда замонавий лойиҳалар асосида 7 қаватли ва 5 қаватли 32 та шинамгина уйлар қад ростлади. Аниқроғи, 1344 та хонадоннинг 448 таси 3 хонали бўлса, 896 таси 2 хонали хонадонлардан иборатдир. 360 та хонадондан иборат 5 қаватли 12 та уйларнинг 6 таси эса Мудофаа бошқармасига, 3 таси ИИБга, 1таси Миллий гвардияга, яна 1 таси Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимларига ажратилган бўлса, сўнгги 1 та уй ёш оилаларга берилган бўлса, Қорасув массивидаги ушбу маҳаллага “Обод маскан” номи, кўчага “Ифтихор” дея ном берилди.

“Обод маскан” бугун том маънода, ўз номига монанд яшнаб-яшариб кетди. Бир томонда 235 ўринли болалар боғчаси, иккинчи томонда 540 ўринли мактаб, 2 та замонавий супермаркет, шаҳар ободонлаштириш бошқармаси филиали биноси, 2 та хизмат кўрсатувчи ширкат, маҳалла фуқаролар йиғини бинолари маҳалла кўркига кўрк қўшди.

2019 йилнинг 1 феврали куни массивда Самарқанд шаҳри бўйича ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 9-сон ички ишлар бўлимининг янги биноси фойдаланишга топширилди. Бўлимда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, ички миграция ва фуқароликни расмийлаштириш ишлари учун зарур шароитлар яратилди. Хоналар компьютер ва замонавий алоқа воситалари билан таъминланди. Янги бинонинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов иштирок этди ва бўлимга вазирлик совғаси –—“Nexia 3” хизмат автомашинасини топширди.

Хуллас, бугун “Обод маскан”да бунёдкорлик, яратувчанлик, ободлик ва фаровонлик манзаралари бўй кўрсатмоқда. Жорий йилда айнан шу масканда қад ростлаши кўзда тутилаётган 72 та кўп қаватли 3798 та хонадонлар йил сўнггига қадар ўз эгаларига топширилиши кўзда тутилмоқда.

Фото: xs.uz