2019-02-07 16:28:40

СУДЬЯЛАР ОЛИЙ КЕНГАШИ ҚОШИДА СУДЬЯЛАР ОЛИЙ МАКТАБИ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши қошида Судьялар олий мактаби ташкил этилди.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 6 январдаги “Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида очилган ушбу мактаб соҳага юқори малакали кадрларни тайёрлашда катта аҳамият касб этади.

— Қарор билан судьялик лавозимига номзодларни тайёрлашнинг амалдаги тартиби тубдан ўзгарди, — дейди Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раиси Убайдулла Мингбоев. — Қолаверса, мазкур мактаб суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаролар ҳуқуқ ҳамда эркинликларини ҳимоялаш, аҳолининг одил судловга бўлган ишончини мустаҳкамлаш имконини беради.

Тадбир доирасида жиноят иши бўйича суд муҳокамасини ўтказиш ҳамда суд мажлиси баённомасини юритиш тўғрисидаги янги методик қўлланманинг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

Суд муҳокамасини ўтказиш, суд мажлиси баённомасини юритиш бўйича маслаҳатлар ўрин олган мазкур қўлланма судьялик лавозимига номзодлар, судьялар, судья ёрдамчилари учун одил судлов сифатини оширишда қўл келади.

Фото: ЎзА.