2019-02-07 16:56:51

ТИББИЁТ ХОДИМИГА ТАЖОВУЗ ҚИЛГАНЛИК УЧУН ЖИНОИЙ ЖАВОБГАРЛИК КУЧАЙТИРИЛИШИ МУМКИН

Жорий йил 29 январь куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан тайёрланган Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимча киритиш тўғрисидаги Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати хабар берди.

Мазкур лойиҳа билан ўз хизмат вазифасини бажариб турган тиббиёт ходимига бемор ва уларнинг яқин қариндошлари томонидан ғайриқонуний равишда тажовуз қилиниши ёки уларга тан жароҳати етказилишидан иборат қилмишларни Жиноят кодексининг безорилик учун жавобгарликни кўзда тутувчи 277-моддаси билан квалификация қилиш ҳамда ушбу ҳаракатларни оғирлаштирувчи ҳолат сифатида баҳолаш таклиф этилмоқда.

«Бугунги кунда беморнинг ўлими ёки соғлиғи ҳолати ёмонлашишида бирор-бир айби бўлмаса-да, шифокорни айблаш ва унга ноқонуний тажовуз қилиш ҳолатлари кўпайиб кетмоқда. Охирги пайтларда бундай ғайриқонуний тажовуз акс этган тасвирлар турли ижтимоий тармоқларда учраши ҳолатлари кўпайиб қолди», дейилади хабарда.

— Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, амалдаги жиноят қонунчилигида хизмат вазифасини бажариб турган тиббиёт ходимларига нисбатан тажовуз қилиш, уларга бу жараёнда тан жароҳати етказиш учун жавобгарлик чоралари нисбатан енгил ҳисобланади, — дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги юридик бўлим бошлиғи Руслан Муҳаммадиев. — Оқибатда хизмат вазифасини ўтаб турган тиббиёт ходимларининг соғлиғига ҳаттоки, тиклаб бўлмайдиган жароҳат етказган айбдор шахслар ҳам айрим ҳолларда ҳеч қандай жазо ўтамасдан қолиб кетмоқда. Бу эса тиббиёт ходимларида ўзларига нисбатан содир этилган тажовузлар юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат этишдан ҳеч қандай наф йўқ, деган тушунча пайдо бўлишига сабаб бўлмоқда. Кузатувлар бундай ғайриқонуний тажовузга учраган шифокорларнинг бештадан фақат биттасигина ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга айбдорни жавобгарликка тортишни сўраб мурожаат этишаётганлигини кўрсатмоқда.

Яқиндагина Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида жойлашган «Ипотека банк» биноси олдида Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимига нисбатан зўравонлик қилган ҳайдовчига нисбатан суд ҳукми ўқилиб, у озодликдан маҳрум қилиш жазосига тортилганлиги тўғрисидаги хабарлар оммавий ахборот воситалари ва интернет тармоқларида кенг тарқалди.

Ўтган йил 3 август куни Фарғона вилояти Олтиариқ туманида фуқаро М.М. тез тиббий ёрдам ходимларининг кеч етиб келганини, улар келгунга қадар бобосининг вафот этганини айтиб, тез тиббий ёрдам шифокори Ш. Сирожиддиновга ўртача оғир даражадаги тан жароҳати етказгани кўпчиликка маълум. Ваҳоланки, айни ҳолатда шифокор беморнинг яшаш манзилига 10 дақиқа ичида етиб борган ва борган пайтда бемор аллақачон вафот этган бўлган.

Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти Олтиариқ туман судининг ҳукмига кўра, судланувчи М.М. Жиноят кодексининг 105-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб,2 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган, лекин жазо шартли ҳисобланиб, 1 йил синов муддати белгиланган. Мазкур шахсга нисбатан суд ҳукми ўқилгунга қадар ҳам унга нисбатан муносиб хулқ-атворда бўлиш тўғрисида тилхат эҳтиёт чораси қўлланилган. Оддийроқ айтганда, ҳеч қандай айби бўлмаган, беморга ёрдам бериш истагида ўз вақтида етиб келган шифокорнинг соғлиғига тиклаб бўлмайдиган жароҳат етказган шахс амалда ҳеч қандай жазо ўтамаган.

— Жамиятимизда кўпайиб кетаётган бундай иллатни олдини олишнинг энг асосий ва самарали йўлларидан бири сифатида юқоридаги каби ноқонуний хатти-ҳаракатлар учун жавобгарликни кучайтириш, бундай ҳаракатларни безорилик сифатида квалификация қилиш лозим, — дейди Руслан Муҳаммадиев. — Сабаби Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2002 йил 14 июндаги 9-сонли «Безориликка оид ишлар бўйича суд амалиёти ҳақида"ги қарорининг 13-бандига мувофиқ, башарти, шахс ўз хатти-ҳаракатлари билан айни вақтда жамоат тартибини бузаётганлигини ва жамиятга нисбатан очиқдан-очиқ ҳурматсизлик қилаётганлигини ҳам яққол англаган бўлса, қилмиш безорилик сифатида квалификация қилиниши лозим.

«Шу мақсадда, юқорида қайд этилганидек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан киритилаётган лойиҳада Жиноят кодексининг безорилик учун жавобгарликни кўзда тутувчи 277-моддаси учинчи қисмига қўшимча банд (жиноятнинг ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан шахсга ёки унинг яқин қариндошларига нисбатан содир этилиши) киритиш таклиф этилмоқда. Ушбу бандда назарда тутилган жиноятни содир этишда айбдор деб топилганлар уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин бўлади ва бу ўз ўрнида катта профилактик таъсир кучини кўрсатади», дейиладиАхборотхизмати хабарида.

“Туркистон-пресс”