2019-02-08 17:53:02

“ЎЗБЕКИСТОН-2035“ ИККИНЧИ ХАЛҚАРО ФОРУМИ БОШЛАНДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида “Ўзбекистон-2035” иккинчи халқаро форуми бошланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Мазкур форум давомида “Буюк Келажак” кенгаши экспертлари 2035 йилгача Ўзбекистоннинг узоқ муддатли Ривожланиш стратегияси концепцияси лойиҳасининг муҳим иқтисодий ва сиёсий йўналишлари тақдимотини ўтказади, эксклюзив ҳисоботлар тақдим этади. Таклифларни муҳокама қилишда депутатлар, давлат органлари, илмий ва таълим муассасалари, халқаро ташкилотлар вакиллари қатнашади.

Бугун, форумнинг умумий ялпи сессияси ўтказилиб, унда Ўзбекистоннинг 2035 йилгача бўлган Ривожланиш стратегияси концепцияси лойиҳасининг асосий йўналишлари кўриб чиқилади. Шундан сўнг, форум иштирокчилари стратегиянинг асосий йўналишларини алоҳида муҳокама қилиш учун “Давлат бошқарувини ривожлантириш”, “Қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик саноати”, “Банк тизими ва Комплаэнс“, “Саноат”, “Транспорт, қурилиш ва инфратузилма, туризм”, “Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий сиёсат”, “Инсон капитали ва маданияти”, “Экология, илм-фан, технология ва инновациялар” ишчи гуруҳларига бўлинади.

Иккинчи куни барча иштирокчиларнинг якуний йиғилиши бўлиб ўтади. Унда форум якунлари сарҳисоб қилинади. Сўнг якуний материаллар жамланади ва қабул қилинган таклифлар билан тўлдирилади.

Фото: ЎзА