2019-02-08 18:00:18

ЎЗБЕКИСТОН МАКТАБЛАРИДА “КИТОБ ҲАФТАЛИГИ” ТАШКИЛ ЭТИЛМОҚДА

Юртимизда ёш авлоднинг ҳар томонлама етук камол топиши ҳамда интеллектуал салоҳиятли бўлиб вояга етишига катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Халқ таълими вазирлиги томонидан ўқувчилар ўртасида миллий ва жаҳон адабиётларини тизимли тарғиб этиш орқали улар қалбида ватанпарварлик, эзгулик, инсонпарварлик сингари юксак инсоний туйғуларни шакллантириш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, умумтаълим муассасалари ўқувчилари ўртасида бадиий адабиётни мутолаа қилиш ҳамда уларнинг китобхонлик маданиятини ошириш мақсадида жорий йилнинг февраль-май ойларида ахборот-ресурс маркази, синф раҳбарлари, она тили ва адабиёт фани ўқитувчилари, кутубхоначилар ва ёшлар етакчилари иштирокида “Китоб ҳафталиги”ни ўтказиш режа-жадвали ишлаб чиқилди. Мазкур режага асосан 
“Китоб ҳафталиги” тадбирларини она тили ва адабиёт фани дарсларида, тарбиявий соатлар жараёнида ҳамда ўқувчиларнинг дарсдан бўш вақтида юқори савияда ташкил этилиши белгиланди.

Таъкидлаш жоизки, ҳафталик доирасида ўзбек миллий ҳамда жаҳон адабиёти намояндаларининг сара асарлари мутолаа қилиниши қайд этилган. Ўқувчилар дунёқарашини ривожлантирувчи асарлар сирасига шеър, ҳикоя ва қисса, шунингдек. қизиқарли эртаклар ҳам киритилган. Ушбу бадиий адабиётлар ўғил-қизларнинг ёшига мос тарзда танланган. Асарлар жадвалга биноан ҳар ҳафта белгиланган адабиёт синфлар кесими бўйича мутолаа қилинади. Барча саъй-ҳаракатлар педагогларнинг фаоллигини оширишга, шу билан бирга ҳафталикни уюшқоқлик билан ўтказишга қаратилади.

Эслатиб ўтамиз, “Китоб ҳафталиги” жорий йилнинг 4 февралида бошланди, мазкур тадбирлар 25 майгача давом этади.

“Туркистон-пресс”