2019-02-08 18:23:57

СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ВАЗИРИГА ХОРИЖЛИК МУТАХАССИС ЯНГИ ЎРИНБОСАР ЭТИБ ТАЙИНЛАНАДИ

Соғлиқни сақлаш тизими ислоҳотларига илғор хорижий тажрибани жорий этишга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди.

“Ҳуқуқий ахборот“ каналига кўра, қарор билан соғлиқни сақлаш соҳасига илғор хорижий тажрибани жорий этиш бўйича таклифлар тайёрлаш ва ислоҳотларни эксперт жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари лавозими жорий этилди.

Вазир ўринбосари, жумладан, қуйидагилар учун масъул ҳисобланади:

  • халқаро стандартлар ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсияларини имплементация қилган ҳолда соғлиқни сақлаш соҳасини комплекс ҳуқуқий тартибга солиш;
  • соғлиқни сақлашни молиялаштириш ва ташкил этиш тизимини такомиллаштириш;
  • мажбурий тиббий суғуртани жорий этиш;
  • давлат-хусусий шериклик ва тиббий туризмдан фойдаланишнинг энг яхши амалиётларини татбиқ қилиш;
  • соҳага инвестицияларни кенг жалб этиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва рақобат муҳитини яхшилаш;
  • “электрон соғлиқни сақлаш” тизимларини кенг жорий этиш.

Мазкур лавозимга соғлиқни сақлаш соҳасидаги юқори малакали хорижий мутахассис жалб этилади ҳамда у Президент томонидан тайинланади.

Шунингдек, соғлиқни сақлаш вазирининг мазкур ўринбосари бир вақтда Бош вазирнинг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари маслаҳатчиси ҳисобланади.