2019-02-08 18:33:36

ТОШКЕНТДА «ЮКСАЛИШ» УМУММИЛЛИЙ ҲАРАКАТИ ТАҚДИМОТИ ЎТКАЗИЛДИ

7 февраль куни Тошкент шаҳридаги Hyatt Regency меҳмонхонасида вазирлик ва идоралар, Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган халқаро ташкилотлар, ННТлар ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирокида «Давлат ва жамият бошқарувида фуқаролик жамияти институтларини жалб этишнинг миллий устувор вазифалари ва истиқболлари» мавзуида фуқаролик форуми бўлиб ўтди, деб хабар берди «Дарё» мухбири Севара Нишонова.

Форум доирасида «Юксалиш» умуммиллий ҳаракатининг мақсад ва вазифалари, фаолият йўналишлари расмий тақдимоти ўтказилди. Тадбир Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Фуқаролик форуми Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 январдаги «2017—2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида»ги фармонида «Юксалиш» умуммиллий ҳаракатининг таъсис этиш ва унга белгиланган вазифалардан келиб чиқиб ҳамда Ҳаракатлар стратегияси ижроси доирасида ўтказилди.

Тадбир фуқаролик жамияти ривожига тўсиқ бўлаётган энг долзарб муаммоларни муҳокама қилиш, уларни ҳал этиш юзасидан ўзаро ҳамкорликда таклифлар тайёрлаш, давлат ва жамият бошқарувида фуқаролик жамияти институтларини жалб этиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни янада жадаллаштиришга қаратилган янги ташаббусларни ишлаб чиқиш мақсадида ташкил этилди.

Фуқаролик форуми икки сессиядан иборат бўлиб, биринчи қисмда «Юксалиш» умуммиллий ҳаракатининг мақсад ва вазифалари, фаолият йўналишлари расмий тақдимоти ўтказилди.

Ташкилот вакиллари томонидан ҳаракатнинг ўз олдига қўйган режалари, лойиҳалари, фуқаролар ва хориждаги ватандошлар билан ишлаш тартиби, аъзолик каби кўпчиликни қизиқтираётган саволларга жавоб берилди.

« ‘Юксалиш’ умуммиллий ҳаракати 2019 йилнинг 25 январь куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида нодавлат нотижорат ташкилоти сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди. Биз ҳорижий ҳамкорларимиз билан қатор лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирганмиз. Ҳаракатга исталган Ўзбекистон фуқароси, шунингдек чет элда яшаётган ватандошлар ҳам бепул, ихтиёрий тарзда аъзо бўлиши мумкин. Аъзо бўлиш ҳаракат сайтида амалга оширилади», — дейди «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси Акмал Бурхонов.

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ҳудудий бўлимларга эга бўлиб, Ўзбекистон тараққиётига бефарқ бўлмаган барча фуқаролар, хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар, бизнес ҳамжамияти, академик доира вакилларини амалга оширилаётган ислоҳотлар атрофида ихтиёрийлик асосида бирлаштиради.

Иккинчи қисм «Давлат ва жамият бошқарувида фуқаролик жамияти институтларини жалб этишнинг миллий устувор вазифалари ва истиқболлари» мавзусига бағишланиб, унда Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилган тадбирларни ҳаётга тадбиқ этишда ННТлари, фуқаролик жамияти институтлари ва фаоллари иштирокини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Жумладан, ННТлар ва давлат бошқаруви органлари ўртасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари, давлат ва жамият бошқарувида фуқаролик жамияти институтларини жалб этиш борасидаги халқаро тажрибалар муҳокама қилинди.

Тадбир якунларига кўра, иштирокчилар томонидан билдирилган фикр ва таклифлар ҳамда халқаро ташкилот вакиллари томонидан ўтказилган тақдимотлар умумлаштирилиб, давлат идоралари ва фуқаролик жамияти институтларининг тизимли ва самарали мулоқотини йўлга қўйиш, давлат ва жамият бошқарувида фуқаролик жамияти институтларини фаол жалб этиш бўйича ишлаб чиқиладиган таклиф ва ҳисоботлар учун асос бўлиб хизмат қилади.

Фото: «Дарё»