2019-02-11 14:40:06

МАМЛАКАТИМИЗНИНГ ҲУДУДИЙ ЯХЛИТЛИГИНИ ТУРЛИ ТАҲДИДЛАРДАН ҲИМОЯ ҚИЛИШ, ТИНЧЛИК ВА БАРҚАРОРЛИКНИ МУСТАҲКАМЛАШГА ОИД УСТУВОР ВАЗИФАЛАР

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 28 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида мамлакатимизнинг конституциявий тузуми, суверенитети, ҳудудий яхлитлигини турли таҳдидлардан ҳимоя қилиш, тинчлик ва барқарорликни янада мустаҳкамлаш барча ютуқларимизнинг бош гаровидир, деб таъкидлашида жуда катта маъно бор.

Чунки тинчлик бўлмаган жойда иқтисодий тараққиёт, ижтимоий барқарорлик, сиёсий тенглик, маънавий юксалиш ҳақида гапиришнинг ўзи ортиқча. Шу туфайли ушбу масалада ҳам қилиниши лозим бўлган вазифалар анча.

Бу борада муҳтарам Президентимиз ўзининг Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида бир қанча долзарб вазифаларни белгилаб берди. Булар:

“Биринчидан, мамлакатимиз мудофаа қобилиятини, Қуролли Кучларнинг жанговар салоҳиятини ошириш, миллий мудофаа саноати комплексини шакллантириш, ҳар қандай хавф-хатарга қарши доимо шай туришимиз лозим”, деган вазифани олға сурди. Чунки барча мувоффақиятларимиз калити айнан мамлакатимиз мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, Қуролли Кучларнинг жанговар салоҳиятини узлуксиз ошириб бориш, миллий мудофаа саноати комплексини шакллантириш ва унинг ҳам замон талабига мос ҳолда ривожланишини таъминлаш, ҳар қандай хавф-хатарга қарши доимо шай тура олишимизнинг мавжудлигида номоён бўлади.

2019 йилдан бошлаб, мамлакатимиз мудофаа саноати комплексига кирадиган корхоналарни ривожлантириш дастури ишлаб чиқилади ва ушбу дастур изчил амалга оширилади. Мамлакат мудофаасини ҳарбий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш бўйича бошланган ислоҳотларни мантиқий якунига етказиш чоралари ҳам кўрилади.  

Яна бир муҳим масала. Давлатимиз чегара хавфсизлигини кучайтириш ва назорат сифатини ошириш мақсадида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш йўлга қўйилади.

Шу билан бирга Президентимиз таъкидлаганидек, “шахсий таркиб ўртасида миллий ўзликни англаш ва жанговор руҳни, ватанпрварлик тарбиясини кучайтириш, ҳарбий хизматчиларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш ҳам доимо эътиборимиз марказида бўлиши лозим”. Эндиликда ёш аскар курсантлар учун ҳарбий қасамёд қабул қилишдан аввал “Ўзбекистон тарихи” фани ва “Темур тузуклари” китоби бўйича синов ўтказиш тартибининг йўлга қўйилиши ҳам кўзда тутилган. Чунки халқиқмизнинг “Билаги зўр бирни енгади, билими зўр мингни” деган пурмаъно мақоли бор. Шу туфайли Қуролли Кучларимиз таркибида хизмат қилаётган аскарларимиз жисмоний чиниқиш билан бирга замонавий ҳарбий таълимни ҳам чуқур эгаллашлари лозим. Бунда хорижий тажрибалардан, замонавий ахборот-коммуникацион технологиялардан фойдаланиш масаласи ҳам кўзда тутилган.

Бугунги кунда давлат манфаатларини ички ва ташқи таҳдидлардан ишончли ҳимоя қилиш масаласи ўта долзарблигича қолмоқда. Ушбу масалага ҳам янгича ёндошувлар хавфсизликни таъминлайдиган идоралар фаолиятини ислоҳ қилиш каби тадбирлар амалга оширилди. 2018 йилда хавфсизлик хизмати идораларининг вазифа ва ваколатлари тўлиқ қайта кўриб чиқилди, барча даражадаги ходимлар фаолиятига холисона баҳо берилди. Шу ўтган йилда мамлакатимизда илк бор “Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Ушбу қонунда давлат манфаатларини ички ва ташқи таҳдидлардан ишончли ҳимоя қилиш ушбу идоранинг асосий вазифаси этиб белгиланган.

Тинчликни таъминлайдиган яна бир соҳа, мамлакат Қуролли Кучларидир. Қуролли Кучларимизда жанговар руҳни юксалтириш, аскар ва офицерларимизни жисмоний ва маънавий жиҳатдан баркамол этиб тарбиялашга эътиборни янада кучайтириш лозимли-ги ҳам бугунги кунда устувор вазифаларимиз сирасига киради.

Давлатимизнинг мудофаа қудратини ошириш, етук малакали ҳарбий кадрларни тайёрлаш, уларнинг фаолияти ва оилалари учун муносиб шароитлар яратиш масаласига алоҳида аҳамият берилиб келинмоқда. Биргина 2019 йилда ҳарбий хизматчилар учун имтиёзли кредитлар асосида 116 та кўп қаватли уй фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган. Ҳарбий хизматчиларнинг 700 дан зиёд фарзандлари олий таълим муассасаларига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади.

Юртимизниг хавфсизлиги ва барқарорлигини таъминлашда Президентимиз мурожаатномасида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш тизимини ҳар томонлама такомиллаштириш муҳим устувор вазифаларимиздан бири сифатида баҳоланган. Мазкур соҳада ҳам тегишли ислоҳотлар давом эттирилади.

“Иккинчидан,экологик хавфсизлик, сув ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш эътиборимиз марказида туриши зарур”, деган устувор вазифага аҳамият қаратди. Мазкур масаланинг ўта муҳимлигини инобатга олиб 2017 йилда Сув хўжалиги вазирлиги ташкил қилинди. Мазкур вазирликка 2019 йил давомида минтақадаги давлатлар экспертлари билан биргаликда Марказий Осиёда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиши вазифаси юклатилди. Чунки, ҳозирги вақтда Орол фожиаси туфайли 5,5 миллион гектардан ортиқ майдонда Оролқум саҳроси пайдо бўлди. Ҳар йили 100 миллион тонна қум ва туз ҳавога кўтарилмоқда. Бу эса Орол ҳалокати глобал муаммо эканини яна бир бор исботламоқда.

2018 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ)нинг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида “Траст фонди”нинг тузилиши, ўзбек дипломатиясининг катта ютуғи бўлди. Ҳозирги кунда Орол денгизининг сувсиз қолган ҳудудида яшил ўрмонлар барпо этишга алоҳида эътибор берилмоқда. Бу борада кечаю-кундуз иш кетмоқда. Ушбу ҳудудни бугунги кунда “Ватанпарварлик майдони” деб атасак ўринли, деб ўйлаймиз. Ушбу майдонда мамлакатимизнинг ҳамма ҳудудларидан вакиллар мавжуд.

Юртимиз раҳбари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби жаноб Антониу Гутерриш ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти институтларидан, ҳамкор давлатлардан Ўзбекистон ташаббусини қўллаб-қувватлагани учун ўзининг чексиз миннатдорчилигини билдирди.

Битта фактга аҳамият беринг, агар мустақиллик йилларида Ўзбекистон бўйича 1 миллион 220 минг гектарга яқин ўрмонзор яратилган бўлса, шундан 400 минг гектардан ортиғи айнан Оролбўйи ҳудудида барпо этилган. Бу масалада қабул қилинаётган махсус дастурга кўра, Орол денгизининг сувсиз ҳудудида 2019 йилда яна 500 минг гектар ўрмонзор барпо этилади. Бу жуда кўп ҳалокатларнинг олдини олади. Хусусан, заҳарли чанг ва тузларнинг атмасферага кўтарилиши барҳам топади, экологик вазият ҳам бир мунча барқарорлашади. 

Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси шаҳар ва қишлоқларида аҳолининг ҳаёт шароитини ва сифатини яхшилаш мақсадида янги қурилишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Мўйноқ туманида барча зарур инфратузилмаларга эга бўлган замонавий шаҳарча бунёд этилганлигига ҳамма гувоҳ.

“Учинчидан,очиқлик, ўзаро тенг ва манфаатли ҳамкорликка асосланган ташқи сиёсат соҳасидаги фаолиятимизни давом эттириш ва унинг самарадорлигини янада ошириш чораларини кўришимиз зарур” лиги ҳам 2019 ва ундан кейинги йиллар учун устувор вазифа сифатида белгиланган. Сиёсий-иқтисодий муносабатлар доирасини кенгайтириш, халқаро майдонда мамлакатимиз сиёсий-иқтисодий манфаатларини илгари суриш учун чет давлатларда Ўзбекистоннинг янги ваколатхоналарини очиш, ходимлар сонини кўпайтириш, давлатимизнинг ташқи иқтисодий ва сиёсий фаолиятига доир қонунчилик базасини янада такомиллаштириш лозимлиги ҳам бугунги кунда объектив заруриятга айланди.

2018 йилда мамлакатимиз раҳбари 18 та мамлакатга расмий давлат ташрифини амалга оширган бўлса, 2019 йилда ҳам мазкур масаланинг фаоллашиши кўзда тутилган. Мурожаатномада шу жорий йилда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар, биринчи навбатда, Россия Федерацияси билан, шунингдек, Хитой Халқ Республикаси, Америка Қўшма Штатлари, Европа Иттифоқи мамлакатлари, Корея Республикаси ва Япония билан муносабатларимизни янада ривожлантиришга қаратилган фаол ташқи сиёсат олиб борилиши тўғрисида ҳам хабар берилган эди. Бу борадаги фаолликни йилнинг бошидан олиб борилаётган ташрифлардан ҳам кўриш мумкин. Дунёнинг йирик мамлакатларидан бири Ҳиндистонга ташриф буюриб, жуда катта келишувларга эришилди. Кўп ўтмай давлатимиз раҳбари дунёнинг ривожланган мамлакатларидан бири Германияга ташриф буюрди. Мазкур давлат билан ташқи савдо айланмаси 2018 йилда 772,0 млн. долларни ташкил қилди.

Маълумки, мусулмон дунёси мамлакатлари билан ўзаро муштарак тарихий-маданий ва маънавий қадриятларимиз ўзаро боғлиқ. Ушбу боғлиқликни янада мустаҳкамлаш борасида бундан буён ҳам давом эттирамиз. Жорий йилда ҳам мусулмон давлатлар ва қўшни давлатлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратамиз. Чунки, бизнинг ташқи сиёсатимиз бошқа давлатлар ички ишларига аралашмасдан ўзаро манфаатли муносабатларни ўрнатиш ва уларни мустаҳкамлашдан иборат. Айни шу мақсадлардан келиб чиққан ҳолда, биз хорижий шерикларимиз билан ўзаро манфаатли алоқаларни барча соҳаларда амалий мазмун билан янада бойитиш учун тегишли ташкилий-иқтисодий ва ҳуқуқий механизмлардан фойдаланамиз.

Мамлакатимизнинг ташқи сиёсатида Марказий Осиё давлатлари, Туркия, Ҳиндистон, Покистон, Эрон билан амалий ва ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантиришни, хавфсизлик ва барқарор тараққиётни таъминлашга қаратилган аниқ ва равшан стратегияга таянилади. Бу борада Ўзбекистон минтақадаги қўшни давлатлар айниқса Афғонистон билан муносабатларни яхшилашга алоҳида аҳамият берилади. 

Маълумки, мамлакатимиз раҳбари халқаро ҳамжамиятни Афғонистон ҳукумати раҳбарлигида тинчлик музокараларини бошлаш заруратини қўллаб-қувватлашга даъват этган эди. Шу муносабат билан, 2018 йилнинг март ойида Афғонистон бўйича ўтказилган юқори даражадаги Тошкент конференцияси замонавий Афғонистон тарихида халқаро миқёсдаги энг қамровли анжуман бўлганини таъкидлаш жоиз. Чунки, конференция якуни бўйича қабул қилинган, унинг барча қатнашчиларининг якдил позицияси ифода этилган “Тошкент декларацияси” Афғонистонда тинчлик ўрнатиш бўйича ўзига хос Дастур бўлди.

Президентимиз таъкидлаганидек, айнан ушбу конференциядан сўнг Афғонистондаги барча сиёсий кучлар, жумладан, “Толибон” ҳаракати иштирокида музокаралар жараёнини бошлашга қаратилган халқаро ҳаракатлар янада фаоллашди. Ўзбекистон Афғонистон раҳбарияти ва мамлакатнинг етакчи сиёсий кучлари, жумладан, “Толибон” ҳаракати вакиллари билан бир қатор муҳим музокаралар ўтказди. Ушбу сиёсий кучлар афғон муаммосини ҳал қилишда Ўзбекистон самарали воситачи бўла олиши мумкинлигини эътироф этдилар.

Президентимиз Мурожаатномада Афғонистон масаласига тўхталиш жараёнида таъкидладики, бу ердаги вазиятни барқарор этишнинг муҳим шарти —мамлакатни иқтисодий жиҳатдан тиклашдан иборат. Бу борада Ўзбекистоннинг ўрни бор албатта. Ўтган йилдаёқ Афғонистонда транспорт ва логистика, энергетика, савдо ва таълим соҳаларида йирик қўшма лойиҳаларни амалга оширишга киришилганлигини ҳам эслатиб ўтди.

Булардан ташқари давлатимиз томонидан қурилаётган Сурхон —Пули Хумри электр узатиш линияси, Термиз шаҳрида афғон фуқароларини ўқитиш учун очилган Таълим маркази, божхона терминалига ҳам эга бўлган “Термиз-карго” логистика маркази, Мозори Шариф – Ҳирот ва Мозори Шариф – Кобул – Пешавор темир йўл линияси лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда ва буларга ҳам яқин вақт ичида киришилади. Хуллас, Ўзбекистон афғон муаммосини ҳар томонлама ҳал қилиш учун бундан буён ҳам ўзининг кучи ва имкониятларини аямайди. Чунки мамлакатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Биз учун энг муҳим пировард натижа – Афғонистонда тинчлик музокараларини бошлаш ва миллий ярашувга эришишдан иборат”дир. Чунки, “Қўшним тинч —мен тинч” деган пурмаъно мақолимиз бор. Биз Афғонистонда тинчлик ва сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маънавий барқарорликдан тўлиқ маънода манфаатдормиз.

Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизнинг ҳудудий яхлитлигини турли таҳдидлардан ҳимоя қилиш, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга оид устувор вазифалар ҳам бугун бажарилишини талаб қилади.

 

Мамаюнус Пардаев,

 Самарқанд иқтисодиёт ва сервис

институти профессори, и.ф.д.,

“Турон” фанлар академияси академиги.

(“Туркистон-пресс”)