2019-02-11 14:47:58

«NUCLEAR ENGINEERING » ИНГЛИЗ НАШРИ: ЎЗБЕКИСТОННИНГ БИРИНЧИ АТОМ ЭЛЕКТР СТАНЦИЯСИ ҲАҚИДА

«Nuclear Engineering International» нашри “Ўзатом” агентлиги бош директори Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг интервьюси асосида “Ўзбекистоннинг ядровий интилишлари” номли материални чоп этди. Бу ҳақда “Ўзатом” агентлиги матбуот хизмати хабар берди.

Унда таъкидланишича, Ўзбекистон раҳбариятининг биринчи атом электр станциясини қуриш ҳақидаги қарори Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Мирзиёев сайланиши, ички ва ташқи сиёсатда ҳамда барча йўналишларбўйича содир бўлган ўзгаришлар билан кўп жиҳатдан боғлиқдир.

Халқаро валюта жамғармасининг тахминига кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти 2023 йилгача ҳар йили 5%-6% дан ўсиб боради. Ушбу иқтисодий ўсиш аҳоли сонининг ошиши билан бирга давом этади. Бу омиллар эса Ўзбекистоннинг энергетик эҳтиёжларга бўлган талаби ошиб боришини англатади.

Тахминларга кўра, 2030 йилгача электр энергияга бўлган талаб икки баравар ошади ҳамда 117 миллиард кВт/с га етади. Ўзбекистон ниҳоятда табиий газга қарам бўлиб, ҳозир пайтда электр энергияси ишлаб чиқаришда газ 85 фоизни ташкил этмоқда. Шундан келиб чиқиб, электр энергия ишлаб чиқариш учун зарур кўрсаткичлар бўйича ва мамлакат равнақини таъминлашда катта миқдорда энергия манбаларига муҳтож, деб таъкидланади интервьюда.

Суҳбатда Ўзбекистоннинг энергияга бўлган эҳтиёжини қондиришда ядро энергияси қуйидаги жиҳатдан ёрдам бериши мумкинлиги ҳақида хулоса чиқарилган. Масалан, 2030 йилга келиб, мамлакат бўйича электр энергия ишлаб чиқаришнинг умумий ҳажмидан 15 фоизни таъминлаши, энергоресурсларнинг экспорт салоҳиятини ошириши, табиий газдан бошқа мақсадларда, жумладан, нефть маҳсулотларини ишлаб чиқариш ёки экспорт учун фойдаланиши, СО2 чиқарилишини 14 миллион тоннага, азот оксидини 36 минг тоннага қисқартириш ва атроф-муҳит ҳолатини яхшиланишига имкон яратади.

Интерьюда АЭС қурилиши учун майдон танлаш масаласига ҳам эътибор қаратилган. Таъкидланишича, ҳозирги пайтда Ўзбекистон режалаштираётган атом электр станцияси учун барча талабларга жавоб берувчи жой танламоқда, бунинг учун геологик ва сейсмик тадқиқотлар ўтказилмоқда. Бу борада Ўзбекистон МАГАТЭ талабларига ва белгиланган қоидаларга қатъий амал қилади.

“МАГАТЭ тавсияларидан бирига кўра, АЭС учун камида учта  майдонда тадқиқотлар ўтказилиши керак. Бу жараён ўз ичига геологик, гидрологик, метеорологик ва сейсмик, иқтисодий, инфраструктурага оид тадқиқотларни қамраб олади. Ушбу ишлар 1-1,5 йил давомида амалга оширилади. Шу туфайли ҳозирги пайтда АЭСнинг қаерда барпо этилиши ҳақида аниқ айтиб бўлмайди, чунки бу борадаги ишлар давом эттирилади” дейилади интервьюда.

Нашрнинг навбатдаги саволи Ўзбекистон томонидан ўзининг биринчи АЭС учун ВВЭР-1200 Россия технологиясини танлашга тааллуқлидир. “Ўзатом” агентлининг бош директори таъкидлаганидек, «3+» ВВЭР генерацияси технологиясига оид замонавий эволюциявий лойиҳа ҳозирги замон халқаро талабларига ва МАГАТЭ тавсияларига жавоб беради. Айнан шу сабабли лойиҳа бўйича ҳамкор сифатида ушбу технологияни таклиф этаётган ва атом энергетикаси соҳасида дунёда етакчи ҳисобланган “Росатом” давлат корпорацияси танланди.

“Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги Ўзбекистон Республикаси ҳудудида атом электр станциясини қуриш борасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битимга мувофиқ, “Ростатом” билан АЭС қурилиши юзасидан  лойиҳалаштириш, таъминлаш ва қурилиш (ЕРС) тўғрисидаги шартнома имзоланади ва бунда у бош пудратчи сифатида қатнашади. ЕРС Ўзбекистон ҳукумати томонидан молиялаштирилади ва Россия ҳукумати томонидан имтиёзли кредитлар билан таъминланади. АЭС қурилиши якунланиб, фойдаланишга топширилгач, у тўлиқ ҳолда ўзбек операторига берилади”, дейилади интервьюда.

Интерьюда қонунчилик базасини яратиш масалаларига алоҳида аҳамият қаратилган. Хусусан, бунда  “Атом энергиясидан тинчлик мақсадида фойдаланиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилгани ва у яқин вақт ичида парламент Қонунчилик палатасига киритилиши қайд этилган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Саноат, радиация  ва ядро хавфсизлиги соҳасида давлат бошқаруви ва назорати тизимини тубдан такомиллаштириш  чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва қарори қабул қилинган. Уларга мувофиқ, қайта ташкил топган Давлат саноат хавфсизлиги бўйича давлат инспекцияси негизида атом энергетикаси соҳасида тартибга солувчи орган — Ядровий хавфсизлик департаменти ташкил қилинган.

“Туркистон-пресс”