2019-02-11 15:17:31

ЎЗБЕКИСТОННИНГ МИЛЛАТЛАРАРО ТОТУВЛИК ВА ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИК СОҲАСИДАГИ УСТУВОР ВАЗИФАЛАРИ

Мамлакатимизда 130 дан ортиқ турли миллат ва элат вакиллариҳамда диний конфессиялар номоёндалари ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстлик ва аҳиллик муҳитини мустаҳкамлашга биринчи даражали эътибор қаратилади. Бу Ўзбекистоннинг миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик соҳасида ўз анъаналарига доимо содиқ бўлиб, бу йўлдан ҳеч қачон оғишмасдан илгарилаб бораётганлигидан далолатдир.

Юртимизда ҳукм сураётган миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик — бизнинг энг катта бойлигимиз ва уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш барчамизнинг бурчимиз эканлигини мамлакатимиз раҳбари ўзининг Мурожаатномасида алоҳида таъкидлади. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2017 йил сентябрь ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессияси ялпи мажлисида “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюциясини қабул қилиш ташаббуси илгари сурилган эди.

Яқинда ушбу муҳим ҳужжатнинг қабул қилинганлиги жаҳон майдонида Ўзбекистон нуфузининг ошиб бораётганлигидан далолат беради. Чунки ушбу таклифни Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо бўлган 193 та давлат кенг қўллаб-қувватлаган эди. Буни жаҳон ҳамжамияти томонидан Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракатларига берилган юксак баҳо ва эътироф сифатида баҳолаш мумкин. Бундай муносабат барчамизга катта мамнуният ва ғурур-ифтихор бағишлайди.

Ушбу эътирофга тўхталиб, ўша кунги анжуманда иштирок этаётган хорижий давлатларнинг муҳтарам элчиларига, халқаро ташкилотлар вакилларига самимий миннатдорлик билдиришди.

Шуни эътироф этиш керакки, турли хаф-хатардан чегараларни мустаҳкамлаган ҳолда сақланиш мумкин. Аммо маънавий таҳдидлардан сақланадиган чегарачи йўқ. Янада аниқроқ айтадиган бўлсак, маънавий таҳдидлар чегара билмайди. Улар турли ахборотлар, интернет орқали кириб келаверади, инсон онгини забт этаверади. Бундай шароитда, болаларимизга буни ўқима, бунга қарама, бунга эътибор берма, деб уларнинг фаолиятини чегаралашнинг ҳеч ҳам иложи йўқ. Аммо ушбу ҳолатга бепарволик қилиб, бефарқ ва лоқайд бўлишнинг ҳам иложи йўқ. Агар шундай ҳолатга йўл қўйсак, ўша жойда, ўша вақтда маънавият энг заиф нуқтага айланади. Маънавият суст жойда ҳеч қандай тараққиёт бўлмайди.

Кўриб турганимиздек, мамлакатимиз тараққиётининг бугунги босқичида ўта ҳушёрлик, жонкуярлик, ақл-идрокни тўғри йўналтирадиган бўлишимиз керак. Акс ҳолда иқтидорли бола ўғрилар галасига тушиб қолса иқтидорли ўғри, жасуслар галасига тушиб қолса, иқтидорли жасус бўлиб етишади. Мазкур масалаларга тизимли қарши курашиш учун ҳар йилда улкан иқтисодий ва ижтимоий дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш билан бирга, аҳолининг,айниқса,ёшларнинг, уларнинг миллати, диний эътиқодидан қатъий назар маънавий оламини юксалтиришга ҳам алоҳида аҳамият берилиб келинмоқда. Шу туфайли, ўтган йилларни таҳлил қилсак, юртимизни равнақ топтириш бўйича янги-янги ютуқлар, билим ва тажрибалар даври бўлиб тарихга кираётганлигини кўрамиз. Чунки, барча соҳаларда ва ҳудудларда камчиликлар аниқланиб, ўша жойнинг ўзида имкон қадар бартараф қилинмоқда. Бундай ёндошув аҳолида нафақт келажакка, балки бугунги кунга ҳам ишончи пайдо бўлаётганлигидан далолат бериб турибди.

2019 йилдан бошлаб сиёсий ҳаётимизда яна бир олдингиларга ўхшамайдиган амалиёт жорий этилади. Бунда ижро ҳокимияти ижро билан қонун чиқарувчи ҳокимият қонун ижодкорлиги билан шуғулланадиган бўлади. Кириб келаётган йилнинг бош ҳужжати бўлган Мурожаатномада баён қилинган ҳар бир устувор йўналиш бўйича Бош вазир ва ҳукумат аъзолари амалга оширилган ишлар ҳақида Сенат ва Қонунчилик палатаси олдида ҳар чоракда ҳисобот бериб боради. Бу жараён оммавий ахборот воситалари орқали кенг миқёсда ёритилиб борилади. Бу билан ижро ҳокимияти фаолиятининг шаффофлиги таъминланади.

Болаларни ёшликдан, бутун миллатни миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш, шунингдек, экстремизм, терроризм ва бошқа бузғунчи ғояларга нисбатан муросасизликни шакллантириш юзасидан давлат органлари ва жамоат ташкилотлари изчиллик билан кураш олиб бормоқда. Бу борадабелгиланган вазифаларни бажариш бўйича, ҳукумат қандай иш олиб бораётганидан ҳамма ОАВ орқали хабардор бўлиб бормоқда. Шу туфайли мазкур масаланинг ижобий жиҳатлари такомиллашиб бораётганлигига бутун халқимизда ишонч шаклланган. Бунгахалқнинг ўзи муносиб баҳо бериб келмоқда.

Мамлакатимизда яшаётган турли миллат, элат ва диний дунёқарашдаги кишилар аҳил бўлиб, Ватанимиз, эл-юрт манфаати йўлида бир тану бир жон бўлиб яшасак, бизни ҳеч ким қурол билан ҳам, ахборот билан ҳам енга олмайди. Шу туфайли биз бугун маррани жуда катта олмоқдамиз. Бунда кўпмиллатли халқимизга, барчамизнинг умидимиз ва суянчимиз бўлган ёшларимизга ишончимиз ҳам катта.

Ушбу ҳолатдан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти ўзининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида “Ҳаммамиз бир ҳақиқатни яхши тушунамиз, 2019 йил учун белгилаб олган режа ва дастурларимизни амалга ошириш, албатта осон бўлмайди. Ҳали фақат қоғозда бўлган бу режа ва дастурларни амалий ишларга, реал натижага айлантириш учун барчамиз биргаликда қаттиқ меҳнат қилишимиз керак”, деб таъкидлади. Мазкур вазифаларнинг бажарилишига ишонч борлигини ҳам яширмади. Чунки, ҳаёт синовларида тобланган, сўзида қатъий турадиган, ишнинг кўзини биладиган, меҳнаткаш, мард ва матонатли халқимиз борлигини алоҳида қайд этди. Бу бизга ишонч ва илҳом, ғайрат ва шижоат бағишлаш билан бирга беқиёс бир куч-қудрат беради. Бундай кучга таянган халқ, давлат, албатта ўз мақсадларига албатта етади.

Олдимизга улкан вазифаларни қўйишимиздан пировард маяқсад, азиз фарзандларимиз, набираларимиз бахтини, камолини ўйлаб, эл-юртимизнинг, халқимизнинг ёруғ келажагини кўзлаб ҳаракат қилаётганлигимиз билан боғлиқ.

“Нияти улуғ халқнинг — иши ҳам улуғ, ҳаёти ёруғ ва келажаги фаровон бўлади. Биз демократик ислоҳотлар йўлидан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз. Қанчалик қийин бўлмасин, фақат олдинга —янги, юксак марралар сари борамиз. Янги Ўзбекистон тараққиётига ҳисса қўшиш — Яратганнинг ўзи бизга берган тарихий имконият, десак, тўғри бўлади. Барчамиз буни чуқур англашимиз, қадрига етишимиз зарур”. Муҳтарам Президентимизнинг ушбу сўзларида ҳам бир олам маъно, келажакка ишонч руҳини уйғотадиган, ўзликни тўлиқ англашга даъват этадиган чақириқлар бор. Бунга лаббай деб жавоб беришимиз учун жонажон Ватанимиз олдидаги фарзандлик бурчини шараф билан бажаришдек саодат, ҳаммамизга насиб этсин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев сўзининг якунида “Фурсатдан фойдаланиб, сизларни, бутун халқимизни яқинлашиб келаётган янги — 2019 йил билан чин қалбимдан самимий табриклайман. Барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, ишларингизда омад ва муваффақиятлар тилайман. Эзгу орзу-ниятларимизни, режаларимизни амалга оширишда Яратганнинг ўзи барчамизга мададкор бўлсин”, дея таъкидлади.

Бугунги кунда мамлакатимизнинг турли миллат ва элатга мансуб ёш авлодни тарбиялаш борасидаги ишларни янада такомиллаштириш, таълим-тарбия сифатини мазмун жиҳатидан янги босқичга кўтариш, ўқитувчилик касбининг нуфузини ошириш мақсадида, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши юксак маънавиятли, қатъий ҳаётий позиция, кенг дунёқарашга эга бўлган фидоий ва ватанпарвар ёшларни тарбиялашни тақозо қилади. Ёшларни ёт ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш, уларни миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик руҳида тарбиялаш масаласи бугунги кунда кечиктириб бўлмайдиган вазифалар сирасига киради. Чунки шу йўл билан ёшларда турли таҳдидларга қарши иммунитет уйғотиш билан бирга, уларда ватанпарварлик ғояларини ҳам шакллантириб борилади. Бундай халқни ҳеч ким ҳеч қачон енгиб бўлмайди.

Мамаюнус Пардаев,

 Самарқанд иқтисодиёт ва сервис

институти профессори, и.ф.д.,

“Турон” фанлар академияси академиги.

(“Туркистон-пресс”)