2019-02-11 15:24:19

БАХТЛИ ҲАЁТ КЕЛАЖАКДА ЭМАС, БУГУН БЎЛИШИ КЕРАК

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзоларига 2018 йилда амалга оширилган асосий ишлар якуни ва Ўзбекистон Республикасини 2019 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор йўналишларига бағишланган Мурожаатномасини халқимиз катта қизиқиш ва ҳаяжон билан кутиб олди.

Мурожаатнома ўз мазмун ва моҳиятига кўра, Ўзбекистон халқининг ҳаётини бахтли қилишга қаратилган.  Инсоннинг азалий орзуси бўлган бахтли ҳаёт келажакда эмас, бугун бўлиши керак деган янги фикр кенг жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Инсон бахти  учун керак бўлган ижтимоий шароитлар мустақиллик, тинчлик ва адолат қарор топган муҳит ҳисобланади. Бугунги кунда Ўзбекистон халқининг ҳаётини бахтли қиладиган шароитлардан мустақиллик ва тинчлик таъминланган. Инсон ҳаёти бахтлилигининг энг муҳим шарти бўлган адолатли ижтимоий тартибни ўрнатишда мурожаатнома муҳим аҳамият касб этади.

Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган устувор вазифаларни амалга ошириш учун энг аввало халқнинг дардини билиш ва мавжуд ижтимоий муаммоларни аниқлаб олиш керак бўлади. Шунинг учун ҳаракатлар стратегиясининг биринчи босқичи халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили деб номланди. Муаммолар аниқлаб олингандан сўнг ҳаракатлар стратегиясининг иккинчи босқичига Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили деб ном берилди. Бозор муносабатлари шароитида пул омили биринчи ўринга чиқиши ва ижтимоий иқтисодий ривожланиш инвестицияга боғлиқ бўлиши сабабли, ҳаракатлар стратегиясининг учинчи босқичи янги 2019 йил “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” деб номланди. Ҳаракатлар стратегиясининг мантиқий кетма-кетликда бир бирига боғланган босқичлардаги вазифаларни самарали амалга оширилиши адолатли ижтимоий тартибни ўрнатилганлигига боғлиқ бўлади.

Адолатли ижтимоий тартибнинг ўрнатилиши демократик сиёсий тартиботга ва фуқаролик жамиятининг кучлилигига боғлиқ. Шунинг учун мурожаатномада парламентнинг ролини кучайтиришга қаратилган таклифлар Самарқанд шаҳар аҳли томонидан жуда катта қизиқиш билан қабул қилинди. Зеро парламентнинг кучлилиги жамиятнинг кучлилиги эканлиги халқаро миқёсда эътироф этилган оддий ҳақиқат ҳисобланади.

Мурожаатноманинг мақсад ва вазифаларини амалга ошириш одамларнинг ҳаётга онгли муносабатда бўлишларига боғлиқ. Ҳаётга онгли муносабатда бўлиш деганда бефарқлик кайфиятни жиловлаб дахлдорлик ҳисси билан яшаш тушунилади. Ҳаётга онгли муносабатда бўлиш энг аввало демократлаштириш ва фуқаролик жамиятини кучли қилиш жараёнида иштирок этиш дегани. Шунинг учун Самарқанд шаҳар аҳолиси мурожаатнома талабига жавобан мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда ва энг аввало демократлаштириш ва фуқаролик жамиятини кучли қилиш жараёнида фаол иштирок этишларини маълум қиладилар. Чунки мурожаатнома ўз мазмун ва моҳиятига кўра, халқимизнинг ҳаётини бахтли қилиш дастуридир.

Мурожаатнома мазмуни мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар кўламининг янада кенгайишини, сиёсий, иқтисодий-ижтимоий, маданий ҳаётимизда, турмушимизнинг барча жабҳаларида катта ўзгаришлар рўй беришини англатиб турибди. Чунки давлатимиз раҳбари томонидан қўйилаётган вазифалар, берилаётган топшириқлар замирида  мамлакатимиз қудратининг юксалиши, халқимиз фаровонлигининг оширилиши билан боғлиқ орзу умидларимиз мужассам.

Фурқат РАҲИМОВ,

Самарқанд шаҳар ҳокими

(“Туркистон-пресс”).

А.Б. 12.22 Сурати бор