2019-02-11 15:28:54

КАТТАҚЎРҒОНДА МТМЛАР КЎПАЙМОҚДА

Каттақўрғон шаҳрида 21 та мактабгача таълим муассасаси мавжуд бўлиб, улардан  1 таси махсус ва 20 таси умумий типдаги мактабгача таълим муассасаларидир.

 Мактабгача таълим муассасаларининг 15 таси типовой типдаги, 6 таси мослаштирилган биноларда  жойлашган. Боғчаларга жалб этилган болажонлар сони  6992 нафарни ташкил этади. 13 танодавлат ва давлат хусусий — шериклик асосида мактабгача таълим муассасалари ташкил этилса, 1395 нафар тарабияланувчи қамраб олинади.

Шаҳарда нодавлат ва давлат хусусий – шериклик асосида мактабгача таълим муассасаларини ташкил этишга эътибор катта. 2018 йил шаҳарда 10 та нодавлат ва давлат хусусий — шериклик асосида мактабгача таълим муассасалари режалаштирилган эди. Ҳозирги  кунда нодавлат ва давлат хусусий — шериклик асосида мактабгача таълим муассасалари тармоғи 13 тага кенгайди.

— Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 сентябрдаги «Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ҳамда 2017 йил 30 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазирлигини фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори зиммамиздаги масъулият юкини янада оширди, — дейди шаҳар мактабгача таълим бўлими мудири Ўткир Негматов. —Шаҳримиздаги 3-7 ёшли болалар сони  6992 нафар бўлиб, бугунги кунда мактабгача таълим муассасасаларнинг режадаги қуввати  2510 нафар. Тарбияланувчилар сони эса айни пайтда 2620 нафарни ташкил этмоқда. Бу боғчаларга қамровнинг бор-йўғи  37,4 фоизига тўғри келади. Агар 13 танодавлат ва давлат хусусий – шериклик асосида мактабгача таълим муассасалари ташкил этилса, 1395 нафар тарабияланувчи қамраб олинади.

          Ҳозир шаҳардаги тўртта МТМдақурилиш ишлари олиб борилаяпти. Бу ишлар ниҳояси етказилгач, яна 700 нафар болажонлар боғчаларга қатнай бошлайди. Ҳисоб-китоблар Каттақўрғонда 2018 йилда 4715 нафар тарбияланувчининг қамраб олиниши кўрсатди.

 Тадбиркор Жамол Ортиқов боғча қуришдек савоб ишни амалга оширишга бел боғлаганлардан. У Амир Темур МФЙ ҳудудидаги шаҳар ҳокимлиги томонидан ажратилган ер майдонида эзгу ниятини амалга оширишга киришди.

—Бу ерда ҳадемай  100 ўринга мўлжалланган мактабгача таълим муассасаси қад ростлайди, — дейди тадбиркор. — Боғча қурилиши учун барча ҳужжатларни тахт қилдик. Шу аснода қурилиш ишларини бошлаб юбордик. Иншоотнинг биринчи қавати битай деб қолди.

Бугунги кунда битим имзолаш учун ҳужжатлар тўпланган. Тадбиркор нодавлат мактабгача таълим муассасаси қуриш учун кредит олиш жараёнида.

Тадбиркор Меҳринисо Ражабова эса Миёнкол МФЙ ҳудудидаги ўзи яшаб турган уйни мослаштириб 50 ўринга мўлжалланган мактабгача таълим муассасаси фаолиятини йўлга қўймоқчи. Ҳозирги кунда у уйни муассасага мослаштириш мақсадида бинонинг 2-қаватида таъмирлаш ишларини бажармоқда.

Кунжупай маҳалласида истиқомат қилувчиАлишер Ҳасанов  ўзи яшаб турган уйда боғча очишга ният қилди. У 75 ўринга мўлжалланган мактабгача таълим муассасаси фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида  хонадонида таъмирлаш ишларини бошлаб юборди.

Шаҳноза Қурбонова, Марҳабо Тоирова, Шерзод Болтаев, Санжар Зокиров, Олим Шукуров, Хурсаной Мирзаева, Муҳаббат Нурматова каби тадбиркорлар ҳам мактабгача таълим муассасаси қуриш ниятида мутасадди ташкилотларга мурожаат этишди. Айни пайтда бу тадбиркорлар учун ажратиладиган ер майдони ва бинони ўрнатилган тартибда ҳужжатлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.

Актамжон БЕРДОНОВ,

“Туркистон-пресс”