2019-02-12 16:40:30

МАГАТЭ ЭКСПЕРТИ: АЭС – БУ МИЛЛИЙ ЛОЙИҲА

Ўзбекистоннинг биринчи атом электр станцияси миллий лойиҳа бўлиб, ундан фақат фахрланиш  керак. Тошкентдаги семинар давомида МАГАТЭ эксперти Жорж Хаддад буни  таъкидлади. Бу ҳақда  «Ўзатом» агентлиги матбуот хизмати  хабар берди.

Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЭ) семинари пойтахтимизда жорий йилнинг 4 февралидан 6 февралигача бўлиб ўтди. Ушбу семинар МАГАТЭ миссияси иштирокида Ўзбекистон, “Ўзатом” агентлиги ва “Ростатом” давлат корпорацияси мутахассислари учун  ўтказилган дастлабки йирик тадбир бўлиб, у мамлакатимизда биринчи атом электр станциясини қуриш учун майдон танлаш масаласига бағишланди.

– Сиз ушбу лойиҳа билан фахрланишингиз, биргаликда ишлашингиз керак, – деди семинарда сўзга чиққан Жорж Хаддад.– Дунёнинг бирон бир мамлакати, бирон бир  муассасаси АЭС ни мустақил қурмайди. Шуни тушуниш зарурки, АЭС барчага мўлжалланган лойиҳа. Лойиҳа устида олиб борилаётган ишларни бошқа идоралар билан ҳам мувофиқлаштириш керак.

МАГАТЭ нинг яна бир эксперти, Ядровий қурилмалари хавфсизлиги бўлими директори   Грег Жентковски сўзларига кўра, Ўзбекистонда бўлажак АЭС учун майдон танлаш масаласига жиддий ёндашилгани ўта муҳимдир. Буни ушбу босқичда ўзбек мутахассислари билимини ошириш учун  МАГАТЭ миссиясининг таклиф қилиниши ҳам тасдиқлайди.

– Менга ушбу лойиҳада ишлаш, майдон танлашга оид маълумотлар билан бўлишиш маъқул бўлди. Бошидан тўғри йўл танлаш учун ушбу ишни ниҳоятда синчковлик билан бажарилиши зарур. Бу ишнинг барқарор ва хавфсиз давом этишини кафолатлайди. Ушбу семинар МАГАТЭ  экспертларига нафақат билимлар билан бўлишиш, балки устуворликларни яхшироқ тушуниш имконини берди.  Ўзбекистонда биринчи АЭС ни қуриш бўйича лойиҳангиз жадвали кўлами ва аҳамияти жиҳатидан салмоқли. Биз эса сизга қўйилган мақсадларга эришишга кўмаклашишни истаймиз, – деди Грег Жентковски.

МАГАТЭ нинг яна бир эксперти, ядро хавфсизлиги бўйича бош мутахассис Айхан Алтинйуллар ўз тақдимотини семинарнинг асосий мавзуси “Ташқи таъсирларни ҳисобга олган ҳолда  АЭС майдони жойлашувининг хавфсизлигини баҳолаш бўйича бўлажак экспертлик миссиясига (Миссия SEED) тайёргарлик” масаласини кенг очиб беришга бағишланди.  Ушбу уч кунлик якунлар ҳақида сўзлар экан, у  лойиҳани амалга ошириш бўйича улкан умумий ишга қўл урилганини қайд этди. МАГАТЭ  АЭС қурилиши учун муҳим  бўлган сейсмологик, гидрологик, метрологик, геотехник омиллар ва бошқа жиҳатларга бағишланган чуқурлаштирилган семинарларни ўтказиш бўйича имкониятларга эга.

Семинар давомида  МАГАТЭ экспертлари иштирокчилар билан бирга ядровий-техник дастурда ядро хавфсизлиги роли,  МАГАТЭ нинг АЭС учун майдон танлаш масаласига ёндашувлари, АЭС учун майдон танлаш билан боғлиқ бўлган хавфсизлик меъёрлари бўйича ҳужжатлар, атом электр станциясини жойлаштириш бўйича фаолиятни бошқариш, ушбу йўналишдаги экологик масалалар юзасидан фикр-мулоҳазалар алмашилди.

“Туркистон-пресс”