2013-02-14 19:51:00

Миллий журналистика — жамият кўзгуси

Мустақиллик йилларида муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан ҳар йилга ном берилиши ва шу асосда ишлаб чиқилаётган ҳамда амалий ифодасини топаётган Давлат дастурлари халқимиз турмуш тарзининг юксалишига, мамлакатимиз мавқеининг кун сайин ошиб боришига хизмат қилмоқда. Бу йўлдаэса барчамиз бирдек масъулмиз.  Хўш, 2012 йил Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси фаолиятида қандай  из қолдирди? Соҳани янада ривожлантириш борасида нималарга эътибор қаратиш лозим?

Жорий — Обод турмуш йилида уюшма томонидан амалга оширилиши режалаштирилаётган истиқболли лойиҳалар тўғрисидаги бир қатор саволларга жавоб олиш учун “Туркистон-пресс” ахборот агентлиги мухбири Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси, Республикада хизмат кўрсатган маданият ходими Шерзод ҒУЛОМОВ билан суҳбатлашди.

— Вақт — олий ҳакам. Кунлар, ойлар ўтгани сайин тарих саҳифаларигамуҳрланган 2012 йил манзаралари Ватанимиз тараққиёти, эл-юртимиз равнақи, бахти-саодати йўлида амалга оширилган сермаҳсул ишлар, кенг кўламли саъй-ҳаракатлар билан янада ёрқин, янада мукаммал намоён бўлмоқда, — дейди Шерзод Ҳамидович. — “Тақдиримсан, бахтимсан,эркин ва обод Ватан!” шиори остида ўтган 2012 йилда мамлакатимиз ўзи танлаб олган ва оғишмай илгарилаб бораётган тараққиёт йўлидан яна бир довон ошди.Барчамизга ўзлигимизни англаш, инсоний шаънимизни, қадр-қимматимизни, ўз юртимизга эгалик қилиш ҳуқуқини, тилимиз, муқаддас динимизни, қадриятларимиз, урф-одатларимизни қайтариб берган истиқлолимизнинг 21 йиллигини кенг нишонладик. Шунингдек, эрк ва ҳуқуқларимиз қомуси — Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганига 20 йил тўлди. Миллий давлатчилигимиз пойдевори, мамлакатимизнинг тараққиёт йўли, халқимиз тақдири ва келажагини белгилаб берган, туб моҳияти, фалсафаси, ғоясига кўра илғор миллий ва умуминсоний қадриятларни ўзида мужассам этган Асосий Қонунимизнинг қутлуғ санаси шоду-хуррамлик билан байрам қилинди.

Мамлакатимиз тарихида “Мустаҳкам оила йили” сифатида ўрин олган йил давомида ҳаёт абадийлигини, инсон бахту саодати, келажаги, орзу-интилишларини мужассам этадиган оилани янада мустаҳкамлаш ва фаровонлигини ошириш, бу борада олиб бораётган барча ишларимизни янги босқичга кўтаришдек олижаноб режалар амалга оширилди. Йил манзаралари, тараққиётнинг ўзбекона йўли, тарих ва истиқбол кесишган чорраҳалар, миллий қадриятларимиз ривожи, халқимиз ҳаётидаги янгиланишлар оммавий ахборот воситалари фаолияти, журналистлар ижодида ўз аксини топгани шубҳасиздир. Энг яхши журналистик асарлар муаллифлари Ижодий уюшма ва бошқа ҳамкор ташкилотлар томонидан ўтказилган танловлар натижасига кўра тақдирланди.

Давлатимиз раҳбарининг 27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан йўллаган байрам табригида белгилаб берилган вазифалар ҳар бир журналист учун ўзига хос дастуриламал бўлди. Табрикда матбуот сўзининг таъсирчанлигини ошириш, энг муҳим чиқишларга жамоатчилик эътиборини қаратиш учун самарали фаолият кўрсатадиган аниқ тизим ташкил қилиш лозимлиги таъкидлангани ва Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасига ҳар чорак якуни бўйича оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган энг долзарб, энг ўткир мақолалар, таҳлилий ва танқидий чиқишларни алоҳида қайд этиб, баҳолаб, бу ҳақда матбуотда хабар бериб бориш таклиф этилгани эса соҳани ривожлантириш, ижодкорларни қўллаб-қувватлаш борасида қўйилган яна бир муҳим қадам бўлиб, журналистларнинг ижтимоий ҳаётимизда ҳурмат-эътибори, қолаверса, масъулияти ортишига хизмат қилиши шубҳасиз.Ижодий уюшмада бу вазифани бажаришга тааллуқли чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Хусусан, уюшма қошида тажрибали журналист ва экспертлардан иборат мониторинг гуруҳи шакллантирилиб, мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларида эълон қилинаётган долзарб мавзулардаги материалларни, таҳлилий ва танқидий чиқишларни тизимли равишда ўрганиб, таҳлил этиб борилмоқда. Натижалар эса уюшмамиз муассислигидаги “Ҳуррият” мустақил газетасида чоп этилмоқда.

Хуллас, 2012 йил миллий журналистика оламида ёрқин йиллардан бири бўлди, дейишга тўла ҳақлимиз.

Обод турмуш йили ҳам соҳа ҳодимлари учун воқеаларга бой, хайрли йил сифатида ўтишига ишонамиз. Журналистлар ижодий уюшмаси янги йилдаги фаолиятининг устувор йўналишларини белгилаб, айни пайтда уларни амалга ошириш устида иш олиб бормоқда. Ўзбекистонимизда тинчлик-осойишталик ва хавфсизликни, фуқаролар ва миллатлараро аҳиллик ва ҳамжиҳатликни кўз қорачиғидек сақлаш ва мустаҳкамлаш, аҳоли фаровонлигини ошириш, халқ соғлигини асраш каби масъулиятли жараёнда журналистларнинг фаоллигини кучайтириш, уларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш уюшма фаолиятининг устувор мақсади бўлиб қолади.

— Биз англаб, ҳис этиб яшаётган замон шиддат билан ўзгариб бормоқда. Асримизнинг глобаллашув ва интернет асри деб номланаётгани ҳам ҳар биримиздан юксак эътиборни, ҳушёрлик ва огоҳликни, шу билан бирга фидойиликни талаб этади. Бу жабҳада ОАВнинг фаолият кўлами, инсон ва жамият ҳаётига таъсири тобора ошиб бормоқда. Ўз-ўзидан савол пайдо бўлади: шу аср, бугунги кун талабига жавоб берадиган журналист кадрлар тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ишлари қандай йўлга қўйилган?

— Тўғри айтдингиз, чиндан ҳам биз яшаб турган “ахборот асри” шиддати оммавий ахборот воситалари олдига шундай вазифаларни қўймоқдаки, бунинг учун соҳа ходимлари кенг билим ва юқори малакага эга бўлмоғи лозим. Бу борада мамлакатимиз сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий ҳаётида юз бераётган улкан янгиланишлар, туб бурилишлар ҳақида республика аҳолисини, жаҳон ҳамжамиятини ўз вақтида хабардор қилишга, шунингдек, дунё ахборот майдони глобаллашуви кучаяётган шароитда содир бўлаётган воқеаларга тез ва холис муносабат билдира олишга қодир бўлган юқори малакали кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш борасида айтишга арзигулик ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 7 августдаги “Оммавий ахборот воситалари соҳасида кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш Давлат дастури тўғрисида”ги 163-сонли қарори муҳим омил бўлди. Мазкур қарор ижроси доирасида миллий журналистика таълими соҳасида жиддий ўзгаришлар рўй берди. Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультети фаолияти замонавий талаблар асосида такомиллаштирилди. Худди шунингдек, 1999 йили Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университетида ташкил этилган халқаро журналистика факультети ҳам қисқа вақт ичида соҳа учун кадрлар етиштиришда муносиб ўрин эгаллади. Бу факультетда инглиз, немис, араб, испан, хитой, япон, форс, француз, корейс, поляк тилларини пухта биладиган, замонавий фанлар малакасини тўла эгаллаган мутахассислар етишиб чиқмоқда.Тошкент Давлат санъат ва маданият институти санъат соҳасига ихтисослашган журналистлар етиштириб бераётгани ҳам қувонарли ҳол. Қолаверса, Нукус Давлат университетида ҳам журналистика соҳасида кадрлар тайёрланиб, йилига 30 нафарга яқин мутахассислар оммавий ахборот воситалари ходимлари сафини тўлдириб келмоқда. Аммо, ҳали бу масала тўлақонли ечимини топди, дейишга эрта. Сабаби— мамлакатимиз ОАВ замонавий, пухта билим эгаси бўлган ёш кадрларга ҳамиша муҳтож. Бу ўринда, айниқса,ҳудудий ОАВда малакали журналист кадрлар етишмовчилиги кўпроқ сезилиб турганини алоҳида қайд этиш жоиз. Айни муаммони бартараф этиш нафақат давлат, балки соҳага оид нодавлат ва жамоат ташкилотлари олдида турган устувор вазифалардан ҳисобланади. Шунинг учун бу борада Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Мустақил босма ОАВ ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ҳамда миллий медиамуҳитни қўллаб-қувватлашга қаратилган бошқа тузилмалар томонидан ҳам журналистларни қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш, ёш журналистларда амалий иш кўникмаларини шакллантиришга қаратилган турли лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Бугунги глобаллашув замонида интернет журналистикаси ҳам жадал ривож топмоқда. Миллий матбуотимизда муносиб ўрин топаётган бу жараёндаги янгилик ва интилишлар ҳақида нима дея оласиз?

— Интернет, шубҳасиз, энг ривожланган ахборот манбаидир. Шиддатбилан ривожланиб бораётган ҳозирги даврда инсон ўз ҳаётини тезкор ахборотсиз тасаввур қила олмайди. Нафақат ён-атрофимизда, балки  жаҳонда рўй бераётган янгиликлардан бохабар бўлиш кўпчилик учун сув ва ҳаво каби заруратга айланди. Телевидение, радио, газета ва журналлар сафига интернетнинг қўшилиши оммавий ахборот воситалари оламида улкан янгилик бўлди ва жамиятимизга “электрон оммавий ахборот воситаси” тушунчасини олиб кирди. Интернет тармоғидан бугунги кунда мамлакатимизнинг 9 миллиондан ортиқ аҳолиси фойдаланаётгани ҳам глобал тармоқ юртдошларимиз ҳаётининг узвий бир қисмига айланганининг ўзига хос далилидир. Шу ўринда мамлакатимизда интернет соҳасида қатор самарали ислоҳотлар ҳаётга тадбиқ этилиб, фойдали электрон манзиллар ишлаб чиқилганини алоҳида эътироф этиш лозим. Энг тезкор ва таъсирчан ахборот воситаси бўлмиш интернет-журналистикага бўлган эътибор миллий матбуотимизнинг халқаро медиа майдонда ўз муносиб ўрнини топиши учун муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Бугунги кунда республикамизда 220та веб-сайт рўйхатга олинган бўлиб, улар глобал тармоқда миллий манфаатларимиздан келиб чиққан ҳолда фаолият олиб бормоқда, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, улкан бунёдкорлик ишлари, халқимиз тарихи, маданияти, миллий қадриятлари, бугунги ҳаёти ҳақида жаҳон афкор оммасини хабардор қилмоқда. Бироқ, глобаллашув жараёнида эришилган натижалар билан чекланиш самара бермайди. Улкан имкониятларга эга бўлган, жамият тараққиёти, халқларнинг яқинлашуви ва бир-биридан хабардорлигини ошириш ва ахборот алмашиниш мақсадида яратилган интернетдан турли ахборот хуружларига қарши курашиш ҳамда ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамияти барпо этиш борасида эришилаётган ютуқларни тарғиб этиш, баркамол авлодни янада шакллантириш мақсадида фойдаланиш — бугунги кундаги энг муҳим вазифалардан биридир. Бу эса интернетжурналистикасини янада ривожлантиришни тақозо этади.

— Маълумки, журналист деганда, кўз олдимизда барча соҳадан хабардор, ўз ҳақ-ҳуқуқларини биладиган, халқ манфаатлари учун курашадиган ижодкор гавдаланади. Кўпчилик бу касб эгаларига ҳавас билан қарайди. Сиз журналистларнинг маълум бир йўналишга ихтисослашувини қандай баҳолайсиз?

— Албатта, ижобий баҳолайман ва ҳар бир журналист бирон соҳа ёкийўналишга ихтисослашуви лозим, деб ҳисоблайман. Негаки, журналист барча соҳани бирдек мукаммал эгаллай олмайди ва қайси бир соҳадан тайёрлаган материали кучли бўлса, бошқа бир соҳадаги ижод маҳсули у қадар муваффақиятли чиқмаслиги мумкин. Бу касб соҳиби ижтимоий ҳаётдаги ўзгаришларни, ютуқлару камчиликларни ҳаққоний ва холисона тўғри ёрита олсагина, унинг мақолалари, кўрсатув ва эшиттиришлари жамият тараққиётига хизмат қилади. Баъзан шундай материалларга дуч келамизки, муаллиф тўғри ва долзарб мавзу танлаганига қарамай, унинг моҳиятини етарлича очиб беролмайди. Сабаби, унинг ўзи шу соҳани, унинг ютуқва муаммоларини яхши билмайди. Бундай ҳолатлар журналистикада “универсал”лик вақти ўтгани, соҳа ходимларининг муайян бир йўналишни чуқур эгаллаб, унга ихтисослашуви лозимлигини кўрсатади. Мамлакатимизда бунинг ечимларидан бири сифатида бошқа соҳа мутахассислари орасидан журналистикага қизиқиши ва уқуви бор кадрларни топиш ва уларни қайта тайёрлашга эътибор қаратилмоқда.

Бу масалани ҳал этиш мақсадида 2005-2006 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига мувофиқ Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети қошида икки йиллик Олий журналистика курслари ташкил этилди. Мазкур курслар, маълумотига кўра, журналист бўлмаган, аммо шу касбга иқтидори бўлган бакалавр даражасидаги мутахассислар учун мўлжалланди. Шундан бери ўтган вақт мобайнида олий журналистика курсларини кўплаб йигит-қизлар битириб чиқди ва улар турли ОАВда фаолият олиб бормоқда.

Шу ўринда Ижодий уюшма қошида ҳуқуқий, халқаро, иқтисодий, ҳарбий-ватанпарварлик, спорт, хотин-қизлар,ёшлар мавзуларида ижод қилувчи журналистлар кенгашлари фаолият кўрсатаётганини ҳам айтиб ўтмоқчимиз. Мамлакатимизнинг таниқли ва тажрибали журналистлари бошчилик қилаётган бу кенгашлар томонидан ўтказилаётган тадбирларда муайян соҳаларнинг ёритилиши, бу борадаги ютуқ ва камчиликлар кенг таҳлил этилиб, тегишли тавсиялар бериб борилмоқда.

— ОАВда таҳлилий ва танқидий чиқишларни кўпайтириш учун қандай ишларни амалга ошириш керак, деб ҳисоблайсиз?

— Ўрганиш натижалари шуни кўрсатмоқдаки, оммавий ахборот воситаларида мамлакатимизда турли соҳаларда эришилган ютуқлар моҳияти кенг таҳлил этилгани ҳолда, жамият тараққиётига тўсқинлик қилаётган, жойларда амалга оширилаётган ислоҳотларни сустлаштираётган муайян камчилик ва нуқсонлар холис ва ҳаққоний танқид қилинган материаллар сони ортиб бормоқда. Уларда журналистик мушоҳада ва таҳлил, дадиллик кучайгани ҳақли суратда юртдошларимиз назарига тушмоқда. Таҳлил этилган материаллар журналистларнинг мамлакатда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар жараёнида қўлда қалам билан фаол иштирок этаётганини кўрсатмоқда.

Шу ўринда бир масалага тўхталиш ўринли. Материалларда кўтарилган муаммолар танқид қилинган соҳа мутасаддилари эътиборидан четда қолаётган ҳолатлар ҳануз учраб турибди. Бу шу мақола, радиоэшиттириш ёки кўрсатувни катта меҳнат билан тайёрлаган журналистнинг ижодий изланишларига, албатта, салбий таъсир кўрсатади. Энг ачинарлиси эса, бундай эътиборсизлик натижасида мақолада кўтарилган масала ва муаммолар тобора кўпайиб, иқтисодиётимиз ва ҳаётимизга катта зарар етказади. Шундай экан, ОАВ орқали танқидга учраган ташкилот ва корхоналар, мансабдор шахсларнинг мавжуд аҳволни тузатишга ҳаракат қилишига эришиш учун чора-тадбирлар кўришни тақозо этади. Бу эса ўз навбатида танқидий ва таҳлилий материаллар сони, самарадорлиги ошишига хизмат қилади.

Шу ўринда давлатимиз раҳбари табригидаги қуйидаги сўзларни келтириш мақсадга мувофиқ: “Бу йўлда доимо интилиб, изланиб яшайдиган журналистларни мен ҳамиша қўллаб-қувватлашга, керак пайтда ёрдам ва кўмак беришга тайёр эканимни, уларни ўзимнинг энг яқин ҳамфикр ва маслакдошларим, деб билишимни изҳор этмоқчиман”.

— Журналистика соҳасида ўтказилаётган танловларнинг аҳамиятини қандай баҳолайсиз?Шу ўринда “Олтин қалам” Миллий мукофоти учун халқаро танловни ўтказиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам тўхталсангиз.

— Миллий журналистикада амалга оширилаётган янгиланишлар, эришилаётган ютуқлар замирида албатта, соҳа ходимлари, журналист кадрларнинг иқтидори, ўткир қалами, фидойи меҳнати мужассам. Бугун журналист қадами етмаган ёхуд қаламига тушмаган бирон соҳа йўқ. Уларнинг жамиятдаги фаоллигини янада ошириш, рағбатлантириш, янгидан-янги ижодий парвозлар сари даъват этиш, касб малакаси ва маҳоратини юксалтириш мақсадида турли кўрик-танловлар, ижодий беллашувлар, грант-лойиҳалар, ижтимоий дастурлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси қатор ҳамкор ташкилотлар билан ўтказаётган “Олтин қалам” Миллий мукофоти учун халқаро танлов, “Йилнинг энг фаол журналисти”, “Энг улуғ, энг азиз” каби республика миқёсидаги кўрик-танловлар нафақат иқтидор соҳибларини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда, балки миллий ва халқаро журналистиканинг энг яхши ютуқларини кенг оммалаштириш, ОАВ ходимлари фуқаролик позициясини намоён этишлари учун шароит яратиш ҳамда журналистларда танқидий фикрлашни ва ижодий фаолиятга янгича ёндашувларни шакллантиришдек мақсадлари билан ҳам аҳамиятлидир.

Жумладан, мамлакатимиз медиа оламидаги энг нуфузли — “Олтин қалам” Миллий мукофоти учун халқаро танловни оладиган бўлсак, шу вақтгача ўтказилган еттита танловда 3000 нафарга яқин журналист 44 мингта ижтимоий аҳамиятга молик материаллари билан иштирок этди. Улардан энг 181 нафар журналист ғолиб деб топилди, 40 нафар ижодкор танлов доирасида БМТ, ЮНЕСКО, Жаҳон банки, “Регионал диалог” (Словения) каби нуфузли халқаро ташкилотлар таъсис этган мукофотларга сазовор бўлди. Бу рақамларнинг ўзи танлов аҳамияти ва нуфузидан далолат бериб турибди.

Хабарингиз бор, айни кунларда “Олтин қалам” VIII Миллий мукофоти халқаро танловига ижодий ишлар қабул қилиш давом этмоқда.  Унда 13 та — битта бош миллий мукофот, тўрт йўналиш — телевидение, радио, босма ОАВ ва интернет-журналистика бўйича учтадан асосий мукофот таъсис этилган. Шунингдек, халқаро танлов анъанасига кўра, бир қатор халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари томонидан ҳам “Олтин қалам” Миллий мукофоти доирасида турли рағбатлантирувчи мукофотлар белгиланган.

Танлов ташкилий қўмитаси ва унинг ишчи гуруҳи бу йилги танлов муваффақиятли ўтиши, 3 май — Жаҳон матбуоти эркинлиги куни ғолибларни тақдирлашга бағишланган тантанали маросим ўтган йиллардаги каби файзли ва фараҳбахш бўлиши учун барча имкониятларни ишга солиб фаолият олиб боришмоқда.

Улуғбек АСРОРОВ,

“Туркистон-пресс” мухбири