2013-02-18 11:50:00

Ёш ўқитувчилар кенгаши иш бошлади

Наманган вилоят педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида Ёш ўқитувчилар кенгаши ташкил этилганига кўп вақт бўлгани йўқ. Унинг таркибида институт ходимлари билан бир қаторда шаҳар ва туманлардаги  мактабларнинг иқтидорли муаллимлари ҳам фаолият кўрсатишади.

Кенгашнинг асосий мақсади мамлакатда амалга оширилаётган кенг миқёсли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар мазмун ва моҳиятини кенг тарғиб қилиш,  ёш педагогларга услубий ёрдам кўрсатиш,  соҳада тўпланган илғор тажрибаларни кенг оммалаштиришдан иборат.

— Ёш ўқитувчилар кенгашининг олдига қўйилган вазифалар ниҳоятда ранг баранг ва серқирра, — дейди мазкур институт ўқитувчиси Гулнора Эргашева. — Улар орасида фанлар ўқитилишини илмий асосларда ташкил этиш, таълим жараёнида ахборот технологиялари ва замонавий педагогик технологиялардан фойдаланиш каби масалалар бор. Бундан ташқари, интерактив усулларни ўрганиш, электрон дарс ишланмаларини яратиш, фан тўгараклари фаолиятини йўлга қўйиш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Кенгаш ёш муаллимларга айнан  шу сингари йўналишларда ёрдам кўрсатади.

Инглиз тили ўқитувчиларидан иборат дастлабки гуруҳ вакиллари кенгаш дастуридаги дастлабки бир ойлик машғулотларда қатнашиб улгурдилар. Улар анъанавий ва ноанъанавий дарслар ўтиш бўйича ўзаро тажриба алмашдилар. Наманган шаҳридаги 58-умумтаълим мактабида “Инглиз тили фанини ўқитишда замонавий педагогик технологиялардан фойдаланишнинг самарали усуллари” мавзуидаги семинар-тренингда иштирок этиш ҳам ёш муаллимларга кўп нарса берди. Энди навбат бошқа фан ўқитувчиларига.                     

Тажрибали педагогларнинг фикрича, кенгаш ёш муаллимларнинг касбий салоҳиятини оширибгина қолмай, уларда янгиликка интилиш кўникмаларини шакллантиради, ўз устида ишлашга даъват этади.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс”