2013-01-15 00:00:00

Қинғир ишнинг қийиғи...

 Республикамиз божхоначилари томонидан сифати кафолатланмаган озиқ-овқат маҳсулотларининг ҳамда бошқа турдаги товар-моддий бойликлар ноқонуний олиб ўтилишига қарши кенг кўламда ишлар олиб борилмоқда. Бу эса нафақат иқтисодий хавфсизлигимизни ҳимоя қилишга, аҳолининг саломатлигини асрашга ва уларни сифати кафолатланган маҳсулотлар билан таъминлашга хизмат қилиб келмоқда.

Афсуски, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа буюмларни божхона назоратидан яширинча равишда юртимизга олиб киришга уринаётган сохта тадбиркорлар ҳам учраб турибди.

Жумладан, хориж фуқароси А.Хоссеин бошқарувидаги “Volvo” юк машинаси Бухоро вилояти “Олот” божхона комплекси орқали юртимизга кириб келаётган пайтда тўхтатиб қолинди. Сабаби, унда юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилганидан ортиқча миқдорда, шунингдек, умуман кўрсатилмаган турли номдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, ичимликлар, кийим-кечаклар, ошхона жиҳозлари — хуллас, салкам 30 турдаги товар-моддий бойликлари ортилгани аниқланди. Хорижда ишлаб чиқарилган ва божхона расмийлаштирувини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган мазкур товар-моддий бойликларнинг умумий қиймати 82 миллион сўмдан ортар экан.

Шунингдек, Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари ҳам бир гуруҳ қонунбузарлар томонидан ноқонуний йўллар билан кичик-кичик туркумларда олиб кирилган ва сифати кафолатланмаган йирик миқдордаги парранда гўшти, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда бошқа турдаги товар-моддий бойликларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйишди.

Масалан, Тошкент шаҳар Бектемир тумани ҳудудида жойлашган омборлардан бири ўрнатилган тартибда ва холислар иштирокида кўздан кечирилганда, омборда ва унинг  ҳовлисида турган автотранспорт воситаларида салкам 19 тонна товуқ гўшти, 2 тоннага яқин сосиска, 1 тоннадан ортиқ хамиртуруш, 334 дона газ ҳисоблагич, 341 дона ТВ тюнерлари, 258 дона уяли телефонлар ва 370 дона телефон аксессуарлари ҳамда бошқа товар-моддий бойликлар ноқонуний равишда сақланаётганлиги аниқланди.

Суриштирувлар чоғида юк эгалари ва автотранспорт ҳайдовчилари хорижда ишлаб чиқарилган, дастлабки маълумотларга кўра, қиймати тахминан салкам 242 миллион сўмлик мазкур озиқ-овқат маҳсулотлари ва товар-моддий бойликларнинг божхона расмийлаштирувини тасдиқловчи биронта ҳам ҳужжатларини тақдим қила олишмади.

Давлат божхона қўмитаси Матбуот хизматининг хабар беришича, ўтган 2012 йилда республикамиз божхоначилари томонидан аниқланган 2700 га яқин қонунбузарлик ҳолатларида қиймати салкам 11 миллиард сўмлик озиқ-овқат маҳсулотларининг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилган.

Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва  суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

 

Фармонбек МАТНАЗАРОВ,

“Туркистон-пресс” мухбири