2014-01-02 14:51:00

БАНКЛАР ТАРАҚҚИЁТГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан “Банк тизимининг “Обод турмуш йили” Давлат дастури ижросидаги иштироки” мавзусига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди. Унда банк-молия муассасаларининг халқимиз турмуши фаровонлиги, барқарор иқтисодиётимиз ривожи йўлида амалга ошираётган кенг кўламли ишлари, келгуси режалар ҳақида сўз борди.

Таъкидлаш керакки, Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида “Обод турмуш йили” Давлат дастурида белгиланган вазифалар — кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни, фермерликни янада ривожлантириш, аҳоли фаровонлиги, бандлигини, реал даромадларининг ўсишини таъминлаш, фуқароларнинг турмуш даражасини яхшилашга хизмат қилмоқда. Бу йўлда республика банк-молия муссасаларининг ҳам муносиб улуши борлиги эътиборга молик.

Тадбирда қайд этилганидек, тижорат банклари доимий равишда кичик бизнес субъектларини, айниқса, оилавий тадбиркорликни маблағ билан қўллаб-қувватлаш, ёшларининг бизнес режаларини молиялаштириш каби масалаларига катта эътибор қаратмоқда. Мисол учун, 2013 йилнинг 11 ойи давомида аҳолига 1,5 триллион сўмдан зиёд кредитлар ажратилди.

Шу жумладан, кичик бизнес субъектларини қўллаб-қувватлаш учун имтиёзли шартлар асосида 6,5 триллион сўм ёки ўтган йилдагидан 32,8 фоиздан ошиқ кредит маблағлари йўналтирилди. Мазкур ресурсларнинг 1,3 триллион сўмини микрокредитлар ташкил этади.

Шунингдек, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бизнес режалари учун имтиёзли равишда 125 миллиард сўмлик кредит ажратилди. Оилавий бизнес ва хусусий тадбиркорлик, шу билан бирга ҳунармандчиликни ривожлантиришга қарийиб 130 миллиард сўм сармоя йўналтирилди.

Юртимизда озиқ-овқат ноозиқ овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш мақсадида мавжуд корхоналарни модернизациялаш ва янги корхоналар ташкил қилишга катта эътибор қаратилмоқда. Бу йўналишдаги  ишларни юқори босқичга олиб чиқиш мақсадида банклар томонидан жорий йилда жами 2,4 триллион cўм кредит ажратилди. Шунингдек, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш мақсадига 2013 йил 11 ойи мобайнида тадбиркор аёлларнинг кичик корхоналари, фермаларини ташкил қилиш ва ривожлантириш учун жами 51 миллиард сўм миқдорида кредит берилди.

Банклар истиқболи жамият фаровонлиги билан чамбарчас боғлиқдир. Шу боис тизимда ижтимоий йўналтирилган дастурлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, жамият ва тадбиркорлик ривожига ижобий таъсир кўрсатадиган, муҳим аҳамиятга эга бўлган лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилади.

Манзура БЕКЧОНОВА,

“Туркистон-пресс”