2013-02-25 19:17:00

Ёш авлод тарбиясида ўқитувчининг ўрни

Пойтахтимизнинг Яккасарой туманидаги 127-мактабда “Ўқувчиларни тарбиялашда синф раҳбарларининг ўрни” мавзусида семинар бўлиб ўтди.

Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси маънавий ахлоқий тарбия ва спорт бўлими томонидан ташкил этилган тадбирда Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси, Соғлиқни сақлаш Бош бошқармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Хотин-қизлар қўмитаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Маънавият тарғибот маркази туман бўлимлари ҳамда пойтахтда фаолият юритаётган мактабларнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари иштирок этди.

Семинарда ўқув муассасаларидаги таълим-тарбия жараёни самарадорлигини ошириш, ўқувчи-ёшлар, вояга етмаган қизлар ўртасида назоратсизлик, жиноятчилик, ҳуқуқбузурлик ҳаракатлари содир этилишининг олдини олиш бўйича маърифий тадбирларни амалга ошириш, шунингдек, эрта турмуш қуриш ҳамда яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг салбий оқибатлари, бу борада ота-она, маҳалла, ҳуқуқ-тарғибот идоралари ва нодавлат ташкилотларнинг ҳамкорлигини кучайтириш, ўғил-қизларни ғоявий таҳдид ва “омммавий маданият” ҳамда бошқа турдаги мафкурамизга ёт ғояларнинг зарарли таъсирларидан ҳимоя қилиш чора-тадбирлари хусусида сўз борди.

Тошкент шаҳар халқ таълими Бош бошқармаси томонидан ўқувчи қизларни тарбиялашда амалга оширилаётган ишлар, ўтказилаётган кўрик-танловлар ва тарғибот ишларига алоҳида эътибор қаратилиб, бу борадаги ишларни янада кучайтириш бўйича вазифалар белгилаб олинди.

Фармонбек МАТНАЗАРОВ,

“Туркистон-пресс”