2013-01-15 00:00:00

Кўҳна ва боқий Бухоро — Универсиада мезбони

 

 

Мамлакатимизда уч босқичли оммавий спорт тизимига 2000 йилда асос солинди. “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ҳамда Универсиада  мусобақалари айни вақтда юртимиз ўғил-қизларининг нафақат ақлан, балки жисмонан бақувват, соғлом ва баркамол улғайишларида муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Мутахассисларнинг эътироф этишича, ўсмирлар ва ёшларни жисмоний тарбия ва спортга оммавий жалб этишнинг бизда амал қилаётган тизимига ўхшаш мукаммал узлуксиз тизим жаҳон тажрибасида ҳали кузатилмаган. Буларнинг барчаси Ўзбекистонда баркамол авлод тарбияси, фарзандларимизнинг дунё ёшлари билан тенгма-тенг баҳсга киришадиган, ақлан ва жисмонан етук инсонлар бўлиб улғайишлари йўлида олиб борилаётган эзгу ишлар самарасидир.

Уч босқичли оммавий спорт мусобақаларининг олий ўқув юртлари талабалари ўртасидаги Универсиада баҳсларининг навбатдагиси бу йил кўҳна ва боқий Бухоро шаҳрида ўтказилади. Айни кунларда  вилоятда мазкур спорт тадбирига қизғин тайёргарлик  кўрилаётир. Тадбирлар ўтказиладиган спорт саройлари, яъни мусобақанинг очилиши ва ёпилиш маросимлари ҳамда енгил атлетика беллашувлари ўтказиладиган “Бухоро спорт мажмуаси”да жаҳон андозаларига жавоб берадиган йирик ҳажмли электрон табло, замонавий прожекторлар ўрнатиш, югуриш йўлакчаларидаги сунъий резина қопламаларни янгилаш, мажмуа атрофини қайта асфальтлаштириш, автоуловлар турадиган жойларни таъмирлаш ишлари шулар жумласидандир. Шунингдек, вилоят марказидаги “Ҳумо” ва “Дилкушо” теннис мажмуалари, Бухоро олимпия захиралари коллежининг спорт зали, “Семурғ” спорт мажмуаси, “Динамо” спорт зали, Бухоро юқори технологиялари муҳандислик-техника институти очиқ спорт мажмуаси Универсиадага мос мақомли бўлади. Айни пайтда Бухоро давлат университетида 18х36 метр ўлчамдаги янги спорт зали қурилиши бошлаб юборилган. Унинг ёнгинасидаги футбол стадиони, волейбол, баскетбол, қўл тўпи майдонларидан иборат мажмуа капитал таъмирлангач, ҳудуд ўзига хос спорт марказига айланади.

Вилоятлардан келадиган мусобақа иштирокчиларининг яшаши учун юқорида тилга олинган иккита олий ўқув юрти ҳамда Бухоро нефть ва газ саноати касб-ҳунар коллежининг жами 2 минг 490 ўринли 9 та талабалар турар жойи босқичма-босқич таъмирланаяпти.

Бундан ташқари, мазкур тадбир муносабати билан шаҳарни ободонлаштириш ишлари кўлами кенгаймоқда. “Бухоро”  халқаро аэропорти ва Когон шаҳридан вилоят марказига келадиган йўллар ва ўндан зиёд асосий кўчалар янада чирой очади. Мазкур кўчалар ёқасидаги уйларнинг ташқи кўринишига замонавий кўркамлик қиёфаси берилади.

Мазкур тадбир талаба ёшлар ҳаётида катта воқеа ҳисобланади. Бу спорт байрамини юқори даражада ўтказишга барча юртдошларимиз ўз амалий ҳиссаларини қўшадилар. Яқинда ташкил этилган “Универсиада-2013” хайрия ҳашари ана шу саъй-ҳаракатнинг ўзига хос ифодаси бўлди. Ундан тушган маблағ талабалар спорт байрамига тайёргарлик, ободончилик мақсадларига сарфланади. 

Бухорода ўтадиган Универсиада баҳсларига вилоят ёшлари ҳам қизғин ҳозирлик кўрмоқда. Улар орасида мамлакатимиз шарафини халқаро мусобақаларда муваффақиятли ҳимоя қилиб келаётган ёш спортчилар ҳам бор. Эътиборлиси, уларнинг кўпчилиги аввалги Универсиада беллашувларида ўз маҳоратини оширган. Бинобарин, мазкур мусобақалардан кўзланган мақсад ҳам ёшлар орасидан янги номларни кашф этиш, уларни янада чиниқтириб, маҳорат ва тажрибасини оширишдир. Масалан, 2002 йилги Универсиадада курашчилар Шуҳрат Хўжаев, Рамзиддин Саидов, футбол бўйича мамлакат миллий терма жамоаси аъзоси Улуғбек Бақоев, дзюдо бўйича икки карра жаҳон чемпиони, Пекин ва Лондон Олимпиадалари бронза медаллари совриндори Ришод Собиров кашф этилган эди.

Биз ишонамизки, “Умид ниҳоллари” ва “Баркамол авлод” мусобақаларида муваффақиятли иштирок этиб, катта спортга йўлланма олган барча ёшларимиз Бухоро шаҳрида бўлиб ўтадиган навбатдаги Универсиадада ҳам бу анъанани муносиб давом эттиришади.

Зарифжон КОМИЛОВ,

“Туркистон-пресс”