2013-03-04 12:11:00

Фермерлик ҳаракати истиқболлари

Кўклам нафаси уфурган сари Наманган вилоятидаги фермер хўжаликларида ҳам баҳорги дала  ишлари кўлами кенгайиб бормоқда. Ғаллазорларда ёш ниҳолларга сув берилмоқда. Чигит экиш олдидан ерларни текислаш, суғориш тармоқларини тартибга келтириш бошланган. Қишлоқ хўжалик техникаси шайлаб қўйилган.

Наманган вилоят Фермерлари кенгаши республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ташкил этган матбуот анжуманида мамлакатимиз Президентининг 2012 йил 22 октябрдаги “Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони вилоятда қандай бажарилаётганлиги ҳақида гап борди.

Вилоят кенгашининг ишчи гуруҳи ўтган давр мобайнида 500 дан зиёд фермер хўжаликларида учрашув-мулоқотлар ўтказди. Мазкур тадбир давомида жойлардаги ҳақиқий ҳолат ва мавжуд муаммолар ўрганилди, уларни бартараф этиш юзасидан йўл-йўриқлар берилди. Вилоятдаги фермерлар бир ҳафталик ўқув машғулотларига жалб этилиб, ижтимоий-иқтисодий билимлар билан қуроллантирилди. Кўп тармоқли фермер хўжаликларини ташкил этиш, уларда ишлаб чиқариш ва турли хизматларни йўлга қўйиш, замонавий технологияларни жорий қилиш, хом ашёни қайта ишлаш шохобчаларини очиш диққат марказида турибди. Ҳозиргача бу борада 155 та лойиҳа амалга оширилиб, 2,7 миллиард сўмдан зиёд сармоя сарфланди, 420 та янги ишчи ўринлари яратилди.

Матбуот анжуманида вилоят Фермерлари кенгаши раиси Олимжон Исаев журналистларни қизиқтирган саволларга жавоблар қайтарди.

                                                                                             Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

                                                                                              “Туркистон-пресс”