2013-01-15 00:00:00

Бодибилдингчиларимиз жаҳон миқёсида тан олинди

Ўзбекистон Бодибилдинг ва фитнес федерацияси Халқаро ҳамда Осиё Бодибилдинг ва фитнес федерациялари — WBPF ва ABРF  таркибига расман киритилади.

ЎзБФФга ушбу қувончли хушхабар янги йил арафасида етиб келди. Хабарномада айтилишича, Ўзбекистон томонидан берилган ариза дастлабки маъқулланиш жараёнидан ўтиб, WBPF қоидаларига кўра, жорий йилнинг ноябрь ойида Болгарияда бўлиб ўтадиган 5-Бутунжаҳон конгрессида тасдиқланиши керак.

Ана шу муҳим воқеадан кейин Ўзбекистон Бодибилдинг ва фитнес федерацияси WBPFнинг йил тақвимига кирувчи барча мусобақаларида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлади.

Осиё Бодибилдинг ва фитнес федерацияси аъзолари ҳам ЎзБФФнинг ўз сафларига қўшилиши ҳақидаги таклифни маъқуллади. Энди мазкур қарор 2013 йил августида Вьетнамда бўлиб ўтадиган ABРF Конгресси томонидан ҳам тасдиқланиши кўзда тутиляпти.

                                                                                                                    “Туркистон-пресс”