2013-03-05 15:28:00

Кўп тармоқли фермерлик ҳаракатини ривожлантириш йўлида

Миллий матбуот марказида Президентимизнинг “Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида белгиланган вазифаларнинг ижросига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Фермерлари кенгаши, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ва “Ўзпахтасаноат” уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда вазирлик ва идоралар вакиллари ҳамда журналистлар иштирок этди.

Анжуманда мамлакатимизда  иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишнинг дастлабки босқичида қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилишга устунлик берилиб, бу йўналишдаги ислоҳот иқтисодий ўзгаришларнинг энг муҳим бўғини, деб белгиланганлиги алоҳида эътироф этилди. Бу борада Президентимиз таъкидлаганларидек: “Қишлоқ хўжалигида ислоҳотларни чуқурлаштириш, фермерлик ҳаракатини қўллаб-қувватлаш, моддий ва молиявий базасини мустаҳкамлаш, уларга янги имтиёз ва имкониятларни туғдириш зарур”. Худди шу маънода Президентимизнинг “Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони республикамиз фермерлари ва Ўзбекистон Фермерлари кенгашининг зиммасига улкан масъулият ва ривожланиш сари интилиш вазифасини юклайди.

Қишлоқда аграр ва иқтисодий муносабатларни ислоҳ қилишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш мақсадида мустақилликнинг дастлабки йилларида қабул қилинган қатор қонун ҳужжатлари ҳудудларимизда янги ҳуқуқий муносабатларни жорий этиш, шу жумладан, фермерликни янада ривожлантириш имконини яратди. Натижада тизим қишлоқдаги туб ислоҳотларнинг самарали амалга оширилишида, хусусан, қишлоқ ҳаётини ўзгартиришда асосий ўрин тутмоқда. Қишлоқда мулкий муносабатларни такомиллаштириш, ернинг, маҳсулот ва мулкнинг ҳақиқий эгаларини шакллантириш, Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилаётган Давлат дастурларида ҳудудларда аҳоли турмуш даражасини юксалтириш, ижтимоий соҳа ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантиришни жадаллаштириш вазифалари аниқ ва равон белгилаб берилган.

Фермер хўжаликлари томонидан ижтимоий соҳани ривожлантириш, янги иш ўринларини барпо этиш ҳамда қайта ишлаш бўйича кичик корхоналарни ташкил этишга эътиборни қаратиш зарурлиги аниқ белгилаб қўйилди. Ўзбекистон Фермерлари кенгашига ҳозирда мавжуд 66 мингдан ортиқ фермер хўжаликлари негизида 17 мингдан ортиқ кўп тармоқли фермер хўжаликларини ташкил қилиш вазифаси юклатилди.

Бугунги кунда фермерлик ҳаракати билан боғлиқ муносабатлар 4 та Кодекс, 10 га яқин қонунлар, 15 га яқин Президент Фармони ва Қарорлари, 20 га яқин Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан тартибга солиниб келинмоқда. Юртбошимизнинг 2012 йил 22 октябрдаги “Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳам  қишлоқ хўжалиги соҳасида фермерликни қўллаб-қувватлаш бўйича навбатдаги босқични бошлаб берди, десак ҳеч янглишмаймиз.

Ушбу Фармон билан фермер хўжаликларига бир қатор имтиёзлар тизимини жорий этиш бўйича қонунлар ҳамда қонун ости ҳужжатларига қўшимча ҳамда ўзгартишлар киритиш бўйича тегишли топшириқлар берилди.  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Фармон ижросини таъминлаш мақсадида 4 та махсус Ишчи гуруҳлари ташкил этилди. Улар фермер хўжаликлари фаолияти билан боғлиқ 10 га яқин қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, соҳага оид бошқа қарорларни тайёрлашда фаол иштирок этишади.

Тадбирда соҳа мутахассислари томонидан журналистларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб берилди ҳамда кўрилган масалалар юзасида тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Фармонбек МАТНАЗАРОВ,

“Туркистон-пресс”