2013-03-07 16:48:00

Иқтидорли ёшлар — мамлакат келажаги

Шайхонтоҳур туманидаги 324 умум таълим мактабида ёш иқтидор эгаларининг биринчи кенгаши бўлиб ўтди. Тошкент шаҳар Халқ таълими бош бошқармаси методика маркази томонидан ташкил этилган мазкур тадбирда олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари, ёзувчилар, рассомлар, ҳайкалтарошлар ва ота-оналар  иштирок этди.

Тадбир таълим мазмунини юқори босқичга кўтариш, Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 13 октябрдаги “Ўзбекистон иқтидорли ёшларни тақдирлаш ва моддий рағбатлантириш тўғрисида”ги қарори асосида умумтаълим мактабларининг иқтидорли ва қобилиятли ўқувчиларини аниқлаш, қўллаб-қувватлаш, улардаги ноёб фазилатларни янада ривожлантириш, фикрлаш даражасини кенгайтириш, ўқитувчилар ва ўқувчилар ҳамкорлигини  янада такомиллаштиришга қаратилганлиги билан ҳам аҳамиятли бўлди.

Кенгашда 18 та фан йўналиши бўйича 11 та тумандан 184 нафар 2-9 синф ўқувчилари иштирок этиб, ўзларининг йиллар давомида қизиққан фанларидан эгаллаган билим, иқтидор ва ихтироларини намойиш қилишди.

“Ёш иқтидор эгалари”нинг биринчи кенгаши охирида шўъба ишларида фаол иштирок этган бир қатор иштирокчилар методика маркази томонидан фахрий ёрлиқ ва  эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Фармонбек МАТНАЗАРОВ,

“Туркистон-пресс”