2013-03-12 15:38:00

Энг намунали маънавий муҳитга эга таълим муассасаси

Тошкент шаҳар Халқ таълими бош бошқармаси томонидан “Энг намунали маънавий муҳитга эга таълим муассасаси” кўрик-танловининг туман босқичи ўтказилмоқда.

Мазкур кўрик-танлов вояга етмаганларнинг назоратсизлиги, қаровсизлигига, улар томонидан ҳуқуқбузарликлар ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир этилишига имкон берадиган сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш, ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган вояга етмаганлар ва оилаларни ўз вақтида аниқлаш, шунингдек, уларни ижтимоий-педагогик реабилитация қилиш ҳамда вояга етмаганларнинг ҳуқуқбузарликлар содир этишининг олдини олишга доир фаолиятнинг таълим муассасаларида тўғри йўлга қўйилганлиги, у ердаги ижтимоий-маънавий муҳит, олиб борилаётган маънавий-маърифий ишлар, ўқувчи ва ёшлар ўртасида содир этилиши мумкин бўлган тартиббузарлик, жиноятчилик, гиёҳвандлик,  диний ақидапарастлик, миссионерлик ва “оммавий маданият” аталмиш маънавий ва аҳлоқий тубанлик иллатларининг олдини олиш борасида таълим муассасаларида олиб борилаётган профилактик ишларнинг аҳволини ўрганиш ва энг намунавий тажрибаларни оммалаштириш мақсадида эълон қилинган.

— Таълим муассасаларининг фаолиятини ўрганиш натижалари мезонларига асосан тасдиқланган намуналардаги фаолиятни баҳолаш варақаларида тегишли ишчи гуруҳ аъзолари томонидан баллар кўринишида акс эттирилади, — дейди Тошкент шаҳар Халқ таълими бош бошқармаси маънавий-аҳлоқий тарбия ва спорт бўлими мутахассиси Замира Азимбоева.  —  Туман ишчи гуруҳи умумий ўрта таълим мактабларини маънавий-маърифий ишлар бўйича баҳолаш мезонлари асосида аниқлаб, туманда ҳар бир мактабнинг рейтингини, шаҳар ишчи гуруҳи эса шаҳар миқёсида ҳар бир умумий ўрта таълим мактабларини баҳолаб, шаҳар миқёсида рейтингини чиқаради.

Танловнинг туман босқичида иштирок этган ҳар бир умумтаълим мактабнинг фаолиятини баҳолаш варақасидаги баллар умумлаштирилиб, ҳар бир соҳа учун алоҳида рейтинг жадвалига киритилади. Ушбу жадваллар асосида энг юқори баллни қўлга киритган таълим муассасаси туман миқёсида «Энг намунали маънавий муҳитга эга таълим муассасаси» танлови совриндори, деб топилади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 20 мартига қадар мазкур кўрик-танловнинг туман миқёсида энг юқори балларни қўлга киритган умумий ўрта таълим мактаблари танловнинг шаҳар босқичида иштирок этиш учун йўлланма олади.

Фармонбек МАТНАЗАРОВ,

“Туркистон-пресс”