2014-05-27 12:17:00

“УРГАНЧ” ХАЛҚАРО АЭРОПОРТИДА ЯНГИ ЙЎЛОВЧИ ТЕРМИНАЛИ ИШ БОШЛАДИ

“Урганч” халқаро аэропортида воҳанинг сайёҳлик салоҳиятини юксалтириш, туризм индустрияси ва инфратузилмасини янги миқёсга кўтариш, авиайўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш ҳамда республикадаги ҳаво масканларининг ер усти хизматларини такомиллаштириш мақсадида соатига 300 нафардан ортиқ ташриф буюрувчи йўловчига намунали хизмат кўрсатиш имконига эга бўлган янги йўловчи терминали иш бошлади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 20 мартдаги “2013-2015 йилларда Хоразм вилоятининг сайёҳлик соҳасини ривожлантириш Дастури тўғрисидаги” қарорини бажариш юзасидан “Урганч шаҳридаги халқаро аэропорти биносини халқаро стандартларни ҳисобга олган ҳолда реконструкция қилиш, жумладан, аэропорт биносида зарур инфратузилмани яратиш, қўниш учун бизнес-зални ташкиллаштириш, шунингдек, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш” лойиҳаси амалга оширилди. Бино дизайнини ишлаб чиқишда замонавий меъморчилик санъати ва Ўзбекистон миллий анъаналари ҳисобга олинган. Янги терминал йўловчиларга хизмат кўрсатишнинг жаҳон талабларига жавоб берувчи барча қулайликлар — пул айирбошлаш шахобчаси, она-бола хонаси, тиббиёт пункти, савдо дўконлари, кафетерийлар билан жиҳозланган. Бундан ташқари, 200 йўловчи сиғимига эга транзит ҳамда ВИП, СИП заллари, шунингдек, экипаж аъзолари учун дам олиш хоналари мавжуд.

Сайёҳлар учун махсус қулай хизмат — ахборот хонаси мавжуд бўлиб, бу ерда шаҳар меҳмонлари ҳудуддаги транспорт имкониятлари, меҳмонхоналар, умумий овқатланиш жойлари ҳақида ҳам тўлиқ маълумот олишлари мумкин. Терминалда авиация хавфсизлигини юқори даражада таъминлайдиган замонавий текширув ва кузатув ускуналари ўрнатилган.

“Туркистон-пресс”