2013-03-13 15:40:00

Она ва бола саломатлиги муҳофазасида журналистларнинг ўрни

Пойтахтимизда Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан “Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни жамоатчиликка етказишда оммавий ахборот воситаларининг  роли ва вазифалари” мавзуида илмий-амалий семинар-тренинг ўтказилди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, илмий-тадқиқот марказлари эксперт ва олимлари ҳамда журналистлар иштирок этди.

Тадбир мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизими, аҳоли, айниқса, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, “Обод турмуш йили” Давлат дастури ва ундаги вазифаларнинг ижросини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш орқали жамоатчиликнинг хабардорлигини ошириш масалаларига қаратилганлиги билан ҳам аҳамиятли бўлди.

Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатининг яхшиланиши  халқимиз ҳаёт  даражасининг юксалишига олиб келмоқда. Айни чоғда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар халқаро ташкилотлар томонидан ҳам юқори баҳоланаётир.

Мамлакатимизда оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ҳамда ЮНИСЕФ ташкилоти ҳамкорлигидаги 2012-2013 йилларга мўлжалланган “Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларининг оила институтини мустаҳкамлаш масалаларини илгари суриш бўйича салоҳиятини ошириш” лойиҳаси ҳам худди шу мақсадга йўналтирилган.

Мазкур лойиҳа доирасида республикамизнинг барча ҳудудларида фаолият олиб бораётган журналистлар учун семинарлар ташкил этиш режалаштирилган. Мақсад она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш соҳасида ҳукуматимиз томонидан амалга оширилаётган ижтимоий дастурларни матбуотда кенг қамровли ва сифатли ёритиш, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш бўйича бажарилаётган ишларнинг самарадорлигини янада кучайтириш, боланинг маънавий дунёсини шакллантириш, баркамол авлодни тарбиялашга қаратилган материалларни сон ҳамда сифат жиҳатидан оширишдир.

Соҳа мутахассисларининг таъкидлашича, лойиҳа доирасида республиканинг барча ҳудудларида давра суҳбатлари ва марказлашган тренинглар ташкил этилган. Уларда 400 дан ортиқ журналистлар иштирок этиб, ўз малакаси оширган.

 Семинар тренингдаиштирокчилар бундай ўқувлар республикамиз босма оммавий ахборот воситаларида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича Президентимиз раҳнамолигида ҳукуматимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳотларнинг янада теран ва чуқур ёритилишига хизмат қилишини алоҳида эътироф этишди.  

Манзура БЕКЧОНОВА,

“Туркистон-пресс”