2013-03-14 13:13:00

ИННОВАЦИЯЛАР — ҲАЁТГА

Наманган муҳандислик-технология институтининг бир гуруҳ илмий ходимлари яқинда “Наманган вилоятида иссиқхона ва мактабни биогаз ёрдамида иситиш ва ёритиш” мавзуида лойиҳа тайёрладилар.

Муқобил энергия таъминотини йўлга қўйишга бағишланган бу ғоя БМТнинг Глобал экология жамғармаси томонидан маъқулланди. Тадқиқотчиларга грант ҳам ажратилди. Айни пайтда шу лойиҳа асосида вилоятда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, фермер хўжаликлари учун биогаз қурилмалари тайёрлаш амалиёти ва услубиёти ишлаб чиқилмоқда.

— Илмий ходимларимиз ва тадқиқотчиларимиз инновацион лойиҳалар ҳамда технологияларни жорий этиш бўйича кенг кўламли ишларни амалга оширмоқдалар, — дейди институтнинг илмий ишлар бўйича проректори, техника фанлари доктори, профессор Рустамжон Муродов. — Ўтган йили республика Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги фан ва технологияларни ривожлантириш қўмитаси томонидан ўтказилган танловда ҳамкасбларимизнинг тўртта лойиҳаси умумий қиймати 145 миллион сўмлик грантларга сазовор бўлди.

Масалан, маркетинг кафедраси доценти, техника фанлари номзоди Козимжон Мирдадаев раҳбарлигида ишлаб чиқилган “Кичик бизнес субъектларида маҳаллий хом ашёдан экспортбоп маҳсулотлар тайёрлашни йўлга қўйиш” лойиҳаси ҳаётга самарали тадбиқ этилди. Пахта тозалаш корхоналари учун таклиф этилган қурилма эса мазкур машинанинг ишчи камерасида толадан яхши тозаланган чигитни ўз вақтида чиқариб олади. “Тик тозалагич” номли қурилма эса пахта хом ашёсидан майда ифлос нарсаларни ажратиб олади. Бунда тола ва чигитнинг табиий хусусиятлари сақлаб қолинади. Олдинда олимлар томонидан янги инновацион ғояларни ҳаётга татбиқ этиш вазифаси турибди.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс”