2014-06-09 14:44:00

ТОШКЕНТЛИК ТАЛАБА “КИБОРГ ҚЎЛ” ЯРАТДИ

 

Тошкент ахборот технологиялари университетининг 4-босқич талабаси Жамшид Саидов киборг қўл лойиҳасини яратди. Диплом иши сифатида тайёрлаган бу ихтиросини у “Камолот” ЁИҲнинг яқинда бўлиб ўтган медиа-тренинги доирасида ташкил қилинган “Замонамиз қаҳрамонлари” деб номланган давра суҳбатида илк бор кенг жамоатчиликка ҳавола этди.

Ушбу “киборг қўл” инсон қўлидан асло фарқ қилмайди. Ҳаракатланувчи механизми темир мурватлардан иборат бўлса-да, биологик хомашёдан тайёрланган суяклар, тўқималар ва тери билан қопланган. Бу механизм махсус дастур ёрдамида бошқарилади.

Тадбирда ТАТУ талабаси ўз ишланмаларининг яратилишига сабабчи бўлган омиллар, уларнинг ҳаракатланиши ва механизми ҳақида гапириб берди ва лойиҳанинг илк нусхаларини ҳаракатлантириб кўрсатди, ёшларни қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб берди.

Қайд этиш кераки, ёш ихтирочи шу кунгача чегара ҳудудларидан олиб ўтилаётган юклар хавфсизлигини текширувчи “робот-сапёр”, чақалоқ йиғлагани ҳақида онасига телефон орқали хабар етказувчи ўзи тебранадиган бешик, уяли телефонга ўрнатилган дастур ёрдамида бошқариладиган гуманоид-робот ва бошқа бир неча техник ишланмалар лойиҳаси ҳамда макетини яратган.

— Ҳар бир лойиҳани яратишимга ҳаётда кўрган-кечирган воқеаларим, кузатишларим сабаб бўлади, — дейди Жамшид Саидов. — Мен туғма ногирон ёки қўл-оёғи ампутация қилинган юртдошларимни кўрганда, инсон танасидаги аъзо ўрнини босадиган, уларнинг ҳаётга мослашувига ёрдам берадиган “киборг қўл” ёки оёқ яратишни ният қилгандим. Мана, бу йил шу орзуимга эришдим ва диплом иши сифатида бу лойиҳани ишлаб чиқдим. Тўғри, ампутантларга ўрнатиладиган протез қўл ва оёқлар анча олдин ўйлаб топилган. Аммо уларнинг бармоқлари ҳаракат қилиш имкониятига эга эмас. Менинг лойиҳам асосида ишланган “киборг қўл”нинг эса бармоқлари бемалол ҳаракат қилади ва улар ёрдамида маълум буюмларни, предметларни ушлаш ҳам мумкин.

Бизнинг мамлакатимизда иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг эркин тадқиқотлар олиб бориши, тажрибалар ўтказиши, лойиҳасини молиялаштириши учун қулай шарт-шароитлар яратилган. Мисол учун, Жамшид ўқиётган олий таълим муассасасида махсус тадқиқот хонаси ташкил этилган бўлиб, унда Ж.Саидов бошчилигидаги бир гуруҳ иқтидорли талабалар амалиёт олиб боришади. Уларга университетнинг малакали ўқитувчилари, олим ва профессорлари назарий билимлари ҳамда фойдали маслаҳатлари билан яқиндан ёрдам беришади. Шу боис ҳам бу масканда таълим олаётган Жамшид Саидов каби кўплаб иқтидорли ёшлар янги ихтиролари билан барчани ҳайрон қолдиришмоқда.

Манзура БЕКЧОНОВА,

“Туркистон-пресс”