2013-03-14 19:48:00

ЖУРНАЛИСТИКАМИЗ РИВОЖИДА ФУҚАРОЛИК ИНСТИТУТЛАРИНИНГ ЎРНИ

14 мартда Миллий матбуот марказида Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан “Оммавий ахборот воситаларининг иқтисодий эркинлиги ва молиявий барқарорлигини таъминлашда фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва роли” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Анжуманда журналистларга мавзу доирасида маълумотлар бериш билан бирга Фонднинг бу борада ўтган йилда олиб борган фаолияти, жорий йилги режалари тўғрисида ахборот берилди.

Тадбирда мамлакатимизда оммавий ахборот воситаларининг иқтисодий эркинлиги ва молиявий барқарорлигини таъминлашда фуқаролик жамиятлари институтларининг иштироки ва бу борада жамоат фонди томонидан олиб борилаётган чора-тадбирлар, босма ОАВларнинг техника базасини замон талабларига жавоб берадиган даражада модернизация қилиш ва мустаҳкамлаш, шунингдек, юқори малакали журналистлар ва техник ходимларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар кенг муҳокама қилинди.

Фонд томонидан оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш бўйича ўтган 2012 йилда ҳамкорлар кўмагида кўпгина халқаро анжуманлар, семинар ва суҳбатлар ўтказилди. Улар асосан мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепциясида қабул қилиниши режалаштирилган “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлиги тўғрисида”ги, “Оммавий ахборот воситалари иқтисодий асослари тўғрисида”ги, “Оммавий ахборот воситаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кафолатлари тўғрисида”ги, “Экологик назорат тўғрисида”ги, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги,  “Ижтимоий ҳамкорлик тўғрисида”ги қонун лойиҳалари муҳокамасига бағишланди.

Таъкидлаш лозимки, Фонд томонидан ижтимоий аҳамиятга эга бўлган қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. “Ҳудудий босма нашрларда фаолият олиб бораётган журналист кадрларни мамлакатимизнинг етакчи таҳририятлари, ахборот агентликлари ва таълим марказларида малака ошириш ва тажриба алмашиш тадбирларини ташкил этиш”, “Давлат бошқаруви органлари ва жамоат ташкилотлари ахборот хизматларининг салоҳиятини такомиллаштириш”, “Оила ва болалар фаровонлигини мустаҳкамлаш масалаларини ёритишда Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари салоҳиятини юксалтириш” лойиҳалари шулар жумласидандир.

Оммавий ахборот воситалари моддий техник базасини такомиллиштириш мақсадида Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан “Ягона оилада” журнали, ”Жамият”, “Ҳуррият”, “Келажак овози” газеталарига компьютер тўпламлари, принтер, фотоаппарат, факс ва диктофонлар ажратилди. Фонд томонидан 2011 йилдан буён ташкил этиб келинаётган “Ўзбекистон матбуоти” миллий форуми ва кўргазмасида шу кунгача ОАВ, нашриёт-матбаа компанияларининг 600 га яқин вакили иштирок этди.

Олиб борилган ишлар самарасида кўплаб давлат ва нодавлат органлари матбуот хизматлари фаолияти юқори босқичга кўтарилди, расмий сайтлари ташкил этилди ва ривожлантирилди.

Жорий йилда ҳам Фонд томонидан низомда белгиланган вазифаларни бажариш бўйича янги тадбирлар ишлаб чиқилди. Жумладан, мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларининг жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, модернизациялаш жараёнларини кенг ёритишга, кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жамоатчилик фикрини таҳлилий баён этиш, фуқароларнинг сиёсий маданиятини юксалтиришга қаратилган фаолиятини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлашга йўналтирилган чора-тадбирлар белгиланди. Бундан ташқари, замон талабларига мос ҳаққоний ахборот ва материалларни шакллантириш, сақлаш ва тарқатишни таъминлаш мақсадида мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, журналистларни чет элларда малакасини оширишга кўмаклашиш каби ишлар кўзда тутилган.

Журналистларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида 2013 йилда “Жамият ва мен”, “Инсон ҳуқуқлари журналист нигоҳида”, “Эътироф” каби танловларни ўтказиш режалаштирилган.

Фонд томонидан амалга оширилган лойиҳалар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, бугунги кунда журналистлар фаоллиги ошиб бормоқда. Уларнинг материалларида мамлакатимиз аҳолисининг анъаналари, менталитети, кўп асрлик ижтимоий ривожланиш тажрибаси акс этмоқда, жаҳон ҳамжамиятининг замон талабларига мос ютуқлари таҳлил этилмоқда. Бу материаллар фуқароларнинг жамият қурилишидаги фаоллигини оширишга, сиёсий ва маънавий онгининг юксалишига, уларда кучли фуқаролик позициясининг шаклланишига хизмат қилмоқда.

Анжуманда Фонд раҳбарияти журналистларнинг семинарлар, танловлар ва махсус лойиҳаларда иштирок этиш, иқтисодий ва технологик муаммоларни бартараф қилиш чора-тадбирлари билан боғлиқ саволларига жавоб беришди.

Манзура БЕКЧОНОВА,

“Туркистон-пресс”