2014-07-02 15:31:00

ТОШКЕНТ ШАҲАР ТРАНСПОРТИДА ЗАМОНАВИЙ АКТ ЖОРИЙ ЭТИЛМОҚДА

 

“Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик компанияси томонидан ҳаракатланувчи таркибни навигация ёрдамида назорат қилиш (GPS), йўлкира тўлашнинг автоматлаштирилган тизимлари, йўловчи ташиш тартиб-интизомини мустаҳкамлаш бўйича замонавий АКТ, шунингдек,  транспорт воситаларининг охирги манзилга келиш ва жўнаб кетиш вақтини қайд қилиб борадиган электрон терминаллар жорий этилмоқда.

GPS-мониторинг тизими соҳада энг муҳим амалиёт бўлиб, транспорт воситаси турган жойни аниқлаш ва шундан келиб чиқиб йўналиш вақтини режалаштириш имконини беради. www.via.uz сайтида эса ҳар бир фойдаланувчи қайси бекатга қандай автобус қай маҳал келишини билиб олиши мумкин. Бундан ташқари, GPS-мониторинг тизими диспетчерларга йўллардаги фавқулодда ҳолатларда тезкор ҳаракат қилиш, йўналишларга транспорт воситаларини тенг тақсимлашга ёрдам беради.

Шу билан бирга айни вақтда барча йўналиш линияларида он-лайн режимида диспетчерлик бошқарувини кучайтириш бўйича чора-тадбирлар ҳам амалга оширилаётир.

Яқинда ишга туширилган Тошкент шаҳар жамоат транспорти йўналишларининг янги интерактив харитаси хизмати пойтахт аҳолиси ва меҳмонларининг жамоат транспорти йўналишлари ҳақида хабардорлигини ошириш учун мўлжалланган. Харитада пойтахтимиздаги 11 мингдан зиёд компания ва корхоналарга оид маълумотлар ҳамда уларга жамоат транспорти воситасида етиб бориш бўйича йўналиш чизмаси ҳавола этилган.

Йўлкира тўлаш автоматлаштирилган тизими “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик компаниясининг муҳим аҳамиятга эга бўлган лойиҳаларидан биридир. Ушбу қурилма транспорт воситаси эшикларига ўрнатилади. Унинг ёрдамида фуқаролар транспортга чиқиш олдидан йўл ҳақи тўловини амалга оширади ва бир марталик чипта ўрнини босадиган чекни олади. Шунингдек, келгусида кондукторларга ҳам йўловчилардан йўл ҳақи йиғиш учун шундай вазифани бажарувчи ихчам мосламалар бериш режалаштирилмоқда.

Соҳа мутахассисларининг қайд қилишича, бу янгиланишлар шаҳар транспортидан фойдаланувчиларга янада кенг қулайлик ва имкониятлар яратиш билан бирга тизимдаги хизмат кўрсатиш сифати ва ҳолатини ҳар томонлама мониторинг қилиш имконини беради.

Манзура БЕКЧОНОВА,

“Туркистон-пресс