2013-03-22 13:28:00

ТОМОРҚАДАН КЕЛГАН ФОЙДА

Томорқасида мевали ва манзарали дарахтлар кўчатларини парваришлаб, яхшигина даромад топаётган Қарши туманидаги Ҳақиқат қишлоғилик Суннатулло Расулов  Истиқлол   ва  давр одамларни тадбиркорликка ўргатди, дейди.

— Имконият кенг. 10 сотих ерда деҳқончилик қиламиз. Шундан 6 сотихида кўчат парваришлаймиз. Бу йил 4,5 минг дона кўчат сотдик. Келгуси йилга 10 мингтага сотишга тайёрлашни режалаштираяпмиз. Йилига 7-8 миллион сўм соф фойда кўрамиз, — дея таъкидлайди С.Расулов. — Томорқадан келган фойда ҳисобига автомашина олдик. Фарзандларимни ўқитаяпман, уйли-жойли қиляпман. Бу йилги даромадга янги уй қурдираяпман.

Дарҳақиқат, бугун бозорларда мевали дарах кўчатлари жуда кўп. Лекин ҳаммасининг бирдай униб, ўсиб кетишига кафолат бериб бўлмайди. Ҳақиқатлик тадбиркор деҳқоннинг таъкидлашича, энг муҳими харидорлар ишончини қозониш. Бугунги кунда қишлоқ одамлари бозорма-бозор юрмайди. Ниҳолларнинг асосий қисми уни парваришлаган деҳқоннинг уйида сотилиб кетади.

Эътиборимизни тортган яна бир жиҳати шуки, серҳосил ниҳолларни етиштиришда Суннатулло Расулов журнал юритиб бораркан. Унинг айтишича, бу шунчаки оддий журнал эмас.

— Ҳар йили август ойида пайванд мавсуми бошланади. Қишлоғимизда пайвандчи хотин-қизлар бор, — дейди уста боғбон. — Чунки, бу бир кишининг иши эмас-да. Ҳар бир ниҳолнинг қайси мева эканлиги ва уни ким пайванд қилгани, қандай натижа бергани тўғрисидаги маълумотларни журналга киритиб борамиз. Бу харидорлар учун ҳам қулайлик туғдиради. Талабига қараб айтган туридан тез ва осон топиб берамиз.

Ҳа, ҳар бир ҳунарнинг ўз машаққати, сир асрори бор. Асосийси, бу эмас. Муҳими, қандай ишлашда, иштиёқ ва ҳафсалада. Зеро ҳақиқатлик Суннатулло ака топган оддий ҳақиқат шу: ҳалол пешона тери тўкиб ишлаган бой бўлади. 

Фарҳод  НОРҚУЛОВ,

“Туркистон-пресс”