2014-08-04 11:17:00

ТОШКЕНТ — ВОДИЙ ШАҲАРЛАРИГА ЯНГИ ТАКСИ ЙЎНАЛИШЛАРИ

Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлигида Тошкент шаҳри ва водий шаҳарлари ўртасида янги такси йўналишларининг очилишига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Кейинги йилларда водий аҳолисига йўловчи ташиш транспорти хизмати сифатини яхшилаш, қатновлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича бир қатор самарали ишлар олиб борилмоқда.

— Фаолиятни тизимли ташкил қилишда ҳукумат тавсиялари асосида иш олиб борилди ва мутасадди идоралар таклифлари ўрганиб чиқилди, — деди Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги бошлиғи ўринбосари Ш.Шоваҳобов. — Хусусан, Агентлигимиз, Давлат солиқ қўмитаси, Ички ишлар вазирлигининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ҳамда тегишли маҳаллий ҳокимият органлари билан биргаликда “Тошкент — Андижон”, “Тошкент — Наманган”, “Тошкент — Фарғона” ва “Тошкент — Қўқон” йўналишидаги такси қатнови йўналишларини очиш бўйича тайёргарлик ишлари амалга оширилди.

Матбуот анжуманида янги йўналишларни очиш борасидаги тайёргарлик ишлари, Тошкент, Андижон, Наманган, Фарғона ва Қўқон шаҳарларидаги йўналишларнинг охирги бекатлари — барпо этилган автостанцияларда йўловчилар учун яратилган шарт-шароитлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Такси йўналишларининг охирги бекатларида автомобиллар тўхтаб туриши ва йўловчиларни олиш ва тушириш учун махсус жойлар, рейс олдидан ҳайдовчиларни тиббий ва автотранспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш масканлари, йўловчилар ва ҳайдовчилар учун турли қулайликлар, жумладан, маълумот бериш хонаси, овқатланиш ва дам олиш жойлари, меҳмонхоналар, чиптахона ва бошқалар барпо этилган.

Мазкур янги такси йўналишлари жорий йил август ойи бошида ишга туширилиши режалаштирилмоқда.

Манзура БЕКЧОНОВА,

“Туркистон-пресс”