2014-08-12 16:28:00

ЙЎЛЛАР РАВОН, КЎНГИЛЛАР ЧОҒ

“Ўзавтойўл” давлат-акциядорлик компаниясида 2014 йил биринчи ярим йиллик якунларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда соҳа мутахассислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Мамлакатимизда юк ва йўловчи ташишнинг асосий қисми автомобиль йўллари улушига тўғри келади. Хусусан, автомобиль йўллар орқали юкларнинг қарийб 85 фоизи, йўловчиларнинг 90 фоиздан ортиғи манзилга етказилмоқда. Бу автомобиль йўллари мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида нақадар муҳим ўрин эгаллашидан далолат беради. Шу боис мамлакатимизда аҳолини қулай, хавфсиз йўл-транспорт алоқаси билан таъминлайдиган транспорт-коммуникация тармоғи ташкил этиш муҳим аҳамият касб этади.

Тадбирда сўзга чиққанлар истиқлол йилларида мамлакатимизнинг йўл, транспорт-коммуникация соҳасидаги мустақиллигини таъминлаш, янги йўл ва кўприклар қуриш, йўлбўйи инфратузилмасини халқаро андозалар ва замон талаблари даражасида ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилганини таъкидлашди.

Хусусан, бугунги кунда республика автомобиль йўллари тармоғининг умумий узунлиги 183 685 километрни ташкил этмоқда. Жумладан, умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари 42 654 километр, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари кўчалари 61 664 километр ҳамда хўжалик автомобиль йўллари 79 367 километр узунликдадир.

Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида “Ўзавтойўл” давлат-акциядорлик компанияси меҳнат жамоалари томонидан 42654 километр узунликдаги умумфойдаланув автомобиль йўллари ва ундаги барча муҳандислик иншоотлари Ўзбекистон Республикаси “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги қонунига мувофиқ техник соз ҳолатда асралди, йўл ҳаракати хавфсизлиги  ва узлуксизлиги таъминланди.

Жумладан, компания таркибидаги ташкилот ва корхоналар томонидан 2014 йилнинг биринчи ярим йиллигида 564,4 миллиард сўмлик  йўл қурилиш, таъмирлаш, сақлаш ва ташқи пудрат ишлари бажарилди.

Президентимизнинг 2010 йил 21 декабрдаги қарори билан тасдиқланган “Ўзбек миллий автомагистрали” таркибига кирувчи автомобиль йўллари участкаларини қуриш ва реконструкция қилиш дастурига асосан жами 61 та автомобиль йўллари фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган. 2014 йил инвестиция дастурини амалга ошириш учун ҳозирги кунгача маҳаллий пудратчи корхоналар томонидан 534 километр йўл қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Анжуманда  компания йўлсозлари томонидан пойтахтимизнинг Хуршид ва Беруний кўчалари оралиғидаги қисмида қурилаётган Г-50 янги айланма йўлининг 5,1 километрдан иборат қисмида қурилиш ишлари олиб борилаётганлиги ҳақида журналистларга маълумот берилди.

Фармонбек МАТНАЗАРОВ,

“Туркистон-пресс”

ЎзА олган сурат.