“Туркистон-пресс” нодавлат ахборот агентлиги  ҳақида маълумот

 

“Туркистон-пресс” нодавлат ахборот агентлиги мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида демократик жараёнларни чуқурлаштириш, оммавий ахборот воситалари имкониятларини кенгайтириш ва эркинлигини таъминлаш, уларни бозор иқтисодиёти ҳамда демократик тамойиллар асосида ислоҳ этишни кучайтириш, шунингдек, Ўзбекистоннинг жаҳон ахборот бозорида ўз муносиб ўрнини эгаллашига эришиш, мамлакат ҳамда жаҳон ҳаёти тўғрисида холис ахборотларни тезкор тарқатиш ва аҳолининг халқаро хабарларга бўлган эҳтиёжини тўла қондириш мақсадида Ўзбекистоннинг ҳукуматга қарашли бўлмаган оммавий ахборот воситалари, давлат ва нодавлат  ташкилотларидан иборат ташаббускор  гуруҳ томонидан 1998 йил 25 сентябрда ташкил этилган.

“Ўзбекистон овози”, “Маърифат”, “Миллий тикланиш”, “Туркистон”, “Оила ва жамият”  газеталари ва бир қатор вақтли нашрлар, “Матбуот тарқатувчи” АК,  “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси, “Ўзбекистон темир йўллари” давлат-акциядорлик компанияси, “Нефтгаздепозит” шўъба корхонаси, “Микрокредитбанк” акциядорлик-тижорат банки каби йирик ташкилотлар ва бир гуруҳ жисмоний шахслар Агентликнинг муассиси бўлишди. Шундай қилиб, Ўзбекистонда биринчи нодавлат ахборот агентлиги фаолият кўрсата бошлади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Туркистон-пресс” ахборот агентлигини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги  1999 йил 19 мартдаги  Фармони давлатимиз раҳбарининг мамлакатимизда нодавлат ташкилотлар тизимини янада ривожлантиришга кўрсатаётган эътиборининг амалий ифодаси бўлди. Мазкур Фармонга  биноан  Агентликка Вазирлар Маҳкамасининг захира  жамғармасидан 50 миллион сўм маблағ ажратилди. Шунингдек,  Агентлик, унинг бўлимлари, филиаллари ва  тузилмасига кирувчи корхоналар бўш қолган маблағларини ўз моддий-техника базасини замонавий технологиялар асосида ривожлантиришга ва Агентлик ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга йўналтириш шарти билан барча турдаги давлат солиқларидан, божхона божи ҳамда давлат бюджетига ўтказиладиган бошқа мажбурий тўловлардан, шунингдек, валюта тушумининг бир қисмини мажбурий тарзда сотишдан уч йил муддатга озод этилди. Бундай эътибор туфайли Агентлик тез фурсатда оёққа туриб олди.

Бугунга келиб Агентлик давлат ахборот агентликларига муқобил ташкилот сифатида ЎзА, “Жаҳон” ахборот агентликлари қаторида мамлакат ахборот маконида мустаҳкам ўрин эгаллади. Агентлик хабарлари республикамизда нашр этилаётган барча вақтли оммавий ахборот воситаларида чоп этилмоқда.Хусусан, “Халқ сўзи”, “Народное слово”, “Ўзбекистон овози”, “Голос Узбекистана”, “Правда Вастока”, “Миллий тикланиш”, “Маърифат”, “Тошкент ҳақиқати ва Ташкентская правда”, “Тошкент оқшоми ва Вечерний Ташкент”, “Туркистон”, “Овози тожик”, “Нурлы жол” каби республика нашрлари, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Агентликнинг доимий обуначилари ҳисобланади.

Агентликнинг мамлакатимизда аккредитация қилинган чет эл элчихоналари ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлиги ҳам тобора кенгайиб бормоқда. Элчихона ва халқаро ташкилотларга мамлакат Президентининг Фармон ва қарорлари шарҳи, ҳукумат қарорларини, мамлакатимизда ўтказилаётган муҳим халқаро анжуманлар, сиёсат, иқтисодиёт, ижтимоий, маънавий ҳаёт, маданият ва спортга оид янгиликлар, хабарлар етказиб берилмоқда. Бундан ташқари, сиёсий, иқтисодий ваижтимоий ҳаётда рўй бераётган янгиликлар икки томонлама тузилган шартномага асосан хорижий ахборот агентликларига жўнатилмоқда. Бундай алоқалар Ўзбекистон ҳаёти ҳақидаги ахборотлар тарқалиши доирасини янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Агентлик таркибида Республика ва Халқаро ахборотлар таҳририятлари ташкил этилган. Агентлик муассислигида “Моҳият” ҳафталик ижтимоий-сиёсий газетаси нашр этилмоқда.