2017-04-25

Нуротада кучли полвонлар сараланди

Жорий йил 21-23 апрель кунлари Навоий вилояти Нурота туманида 2002-2003 йилларда туғилган ўсмирлар ва қизлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 400 нафардан ортиқ ёш полвонлар белбоғли курашнинг эркин ва классик йўналишларида ғолиблик учун беллашди.

Чемпионатнинг очилиш маросимида сўз олган Ўзбекистон Белбоғли кураш федерацияси раиси Равшан Дастиров ва бошқалар мамлакатимизда спортга, хусусан болалар спорти, миллий ва халқаро спорт турларига қаратилаётган эътиборнинг натижаси ўлароқ, ёшларимиз жаҳон спорт майдонларида юқори марраларни забт этаётганини алоҳида эътироф этди.

Қизғин ва муросасиз кечган беллашувлар якунига кўра классик йўналишда Неъматулло Жамолиддинов (32 кг., Наманган), Данияр Серсенбаев (35 кг., Қорақалпоғистон Республикаси), Асадбек Абдуқаххоров (38 кг., Наманган), Нодирбек Абдумаликов (42 кг.,Фарғона), Комилжон Нишонбоев (46 кг., Тошкент вилояти), Ойбек Султонов (50 кг., Андижон), Нусрат Йўлдошев (55 кг., Хоразм), Мавлонбек Миркомилов (60 кг., Андижон), Ислом Норбоев (65 кг., Самарқанд), Акмал Ҳакимов (71 кг., Андижон) ҳамда Муҳаммад Ваҳобов (+71 кг., Тошкент вилояти)лар ўз вазн тоифаларида биринчи ўринни эгаллашди.

Эркин йўналишда бўлиб ўтган мусобақаларда эса Нозимжон Мирзаабдуллаев (32 кг., Наманган ), Соҳибжон Жакбаралиев (35 кг., Наманган), Азизбек Бейсинбаев (38 кг., Қорақалпоғистон Республикаси), Озодбек Жаҳонов (42 кг., Бухоро), Жавоҳир Саидов (46 кг., Қашқадарё), Нозим Искандаров (50 кг., Навоий), Шербек Бекмуродов (55 кг., Самарқанд), Шаҳзод Жабборов (60кг., Навоий), Темур Қаршибоев (65 кг., Навоий), Муҳаммадзиё Тоҳиржонов (71 кг., Фарғона), Нурмуҳаммад Ўроқов (+71., Қашқадарё)лар шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилдилар.

Қизлар ўртасида эркин йўналиш бўйича Дурдона Омонбоева (40 кг., Андижон), Уликин Узоқбергенова (44., Қорақалпоғистон Республикаси), Мадина Акромова (48 кг., Андижон), Мадина Адҳамова (52 кг., Андижон) Исмигул Акбаралиева (57 кг., Фарғона), Умида Аймуратова (63 кг., Қорақалпоғистон Республикаси) ва Зебохон Носирова (+63 кг., Наманган)лар ўз вазн тоифаларида рақибларига ҳеч қандай имконият беришмади ва якунда чемпионат ғолиблигини тантана қилишди.

– Бу йил ҳам халқаро мусобақаларда иштирок этиш ва муваффақиятларга эришишни мақсад қилганмиз, – дейди белбоғли кураш бўйича ёшлар терма жамоаси бош мураббийи Усмон Маҳаматов. – Мазкур чемпионатда ёш иқтидор эгалари ўсиб келаётгани кўзга ташланди. Миллий терма жамоамиз сафида улар эртага юртимиз шаънини муносиб ҳимоя қилишади, албатта.

Мусобақа сўнггида ғолиб ва совриндорлар медаль, диплом ва ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари билан мукофотланди.

Илҳом РАҲМОНОВ,

“Туркистон-пресс”