2017-07-18

Пара-атлетикачиларимиз муваффақияти

Лондонда давом этаётган пара-атлетика бўйича жаҳон чемпионатининг дастлабки уч кунида ҳамюртларимиз 2 та олтин медалга сазовор бўлиб улгуришди.

Буюк Британия пойтахтида ўтказилаётган пара-атлетика бўйича жаҳон чемпионатида ҳамюртимиз Дониёр Солиев делегациямиз ҳисобига иккинчи олтин медални қўшиб қўйди. Эркаклар ўртасида узунликка сакраш бўйича баҳсларда иштирок этган Дониёр 7.18 метр натижаси билан олтин медалга сазовор бўлди ва ўзининг ушбу натижаси эвазига Осиё рекордини янгилади.

Эслатиб ўтамиз, жаҳон чемпионатининг иккинчи куни терма жамоамиз аъзоси Ҳусниддин Норбеков диск улоқтириш бўйича 54.73 метр натижа билан биринчи ўринни эгаллаб, иккинчи маротаба жаҳон чемпиони унвонини қўлга киритган эди.

Маълумот учун, мазкур жаҳон чемпионати 23 июлга қадар давом этади ва унда 1050 нафар спортчи 213та медаллар жамланмаси учун кураш олиб боради.

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс”