2017-02-28

Ёшлар ва китобхонлик: анъанавий ва замонавий усуллар

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида” фармойишининг қабул қилиниши бу борада тизимли ишларни олиб боришга кенг имконият яратиб берди.

Халқ таълими вазирлиги томонидан ўқувчи-ёшлар орасида китобхонликни тарғиб қилиш ва мутолаа маданиятини шакллантириш мақсадида бир қатор тадбирлар ўтказиб келинмоқда.

Жорий йил 24 февраль куни Халқ таълими вазирлиги томонидан “Ёшлар ва китобхонлик: анъанавий ва замонавий усуллар” мавзусида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун медиа-тур ташкил этилди. Медиа-тур иштирокчилари Тошкент шаҳри Миробод туманидаги 328-мактабга ташриф буюриб,  мазкур муассаса мисолида тизимда китобхонликни тарғиб қилиш, бунда замонавий АКТ имкониятларидан самарали фойдаланиш борасида қилинаётган ишлар билан танишдилар.

Медиа-турда халқ таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаев, вазирликнинг бошқарма ва бўлим бошлиқлари, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси раҳбарияти, Тошкент шаҳар ХТХҚТУМОИ ректори ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбир доирасида болалар адабиёти кўргазмаси, намунавий мактаб кутубхонаси фаолияти, таниқли болалар ёзувчи ва шоирлари билан ижодий учрашувлар, умумтаълим фанларини ўқитишда электрон дарслик ва ахборот ресурслардан унумли фойдаланиш, замонавий АКТдан фойдаланган ҳолда дарсларни ўтиш намойиш этилди.

Халқ таълими вазирлиги Ахборот хизматидан маълум қилишларича, бугунги кунда халқ таълими тизимида 9576 та ахборот-кутубхона муассасалари мавжуд бўлиб, уларга жами 4  миллиондан зиёд ўқувчилар аъзо бўлган.

Ахборот-ресурс марказлари, кутубхоналарда бугунги кунда жами 23 миллиондан ортиқ китоб фонди мавжуд. Уларнинг китоб фондини бойитиш мақсадида ҳар йили ўқувчиларга синфдан ташқари мутолаа учун бадиий адабиётлар харид қилинади.

2014 йилда 1-4 синф ўқувчиларига мўлжалланган 27 номдаги жами 847 293 нусха бадиий адабиётлар харид қилинган бўлса, жорий йилда 5-9-синф ўқувчилари учун “Мактаб кутубхонаси” туркумида 28 номдаги 1,2 миллион нусха жаҳон ва ўзбек болалар адабиётининг сара асарлари харид қилинмоқда.

 “Туркистон-пресс”