2017-10-19

Самарқандим — гўзал кентим

1996 йил 18 октябрда Самарқанд шаҳрида Соҳибқирон Амир Темур ҳайкалининг тантанали очилиш маросимида мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ушбу кунни Самарқанд шаҳри куни сифатида нишонлаш ташаббусини билдирган эди. Шундан буён ҳар йили бу сана шаҳарда кенг нишонлаб келинмоқда. Дунёнинг энг кекса кентларидан бири бугун ҳам ўз гўзаллиги ва салобати билан барчани мафтун этаётир. Шу кунларда шаҳар кўчалари, хиёбонлари кечаю кундуз юртдошларимиз ва сайёҳлар билан гавжум. Шаҳарнинг кўркам қиёфасидан завқланиб томоша қилаётган меҳмонларқуйидаги фикрларини билдиришди:

Валентин Мазеев (Россия): 

– Самарқандга турмуш ўртоғим билан келганимга беш кун бўлди. Мана шу вақт ичида бу шаҳарга беихтиёр боғланиб қолгандаймиз. Шаҳарнинг диққатга сазовор жойларида бўлиб, олдинроқ келмаганим учун афсусландим. Шу юртдан етишиб чиққан алломаларнинг қадамжоларида ва музейларда бўлдик. Музейлардаги ҳар бир экспонат ўз тарихига эга, юртингизнинг ўтмишидан сўзлайди. Жаҳоннинг кўплаб давлатларида сафарда бўлганмиз. Бироқ бу шаҳар сингари бизда унутилмас таассурот қолдирган жойни учратмадик. 

Алибек Ажибеков (Қирғизистон):

– Самарқандга биринчи бор келишим. Бу ернинг ҳавоси ва таомлари жуда ёқди. Сиз билан қўшни давлатмиз, минг йиллар давомида қардошлик анъаналари билан боғланган миллатлармиз. Бу ришта кейинги пайтларда янада мустаҳкамланмоқда. Самарқанддаги кўплаб қадимий обидалар менда катта қизиқиш уйғотди. Уларни телевизорда кўп бора кўрганман. Аммо қаршисида туриб, томоша қилишнинг завқи бошқача экан. Айниқса, Шоҳи Зинда мажмуасининг қурилиши бизни лол қолдирди. Ундаги ҳар бир мақбарада ўзига хос улуғворлик ва гўзаллик акс этган. 

Муниса Ортиқова (Тошкент вилояти):

– Самарқандга келганимга роппа-роса йигирма йил тўлибди. Ўша пайтлар бу шаҳарнинг қиёфаси мутлақо бошқача эди. Бугун қўшниларим билан келиб, кўзларимизга ишонмай қолдик. Хусусан, ҳазрати Хизр масжиди тамоман ўзгача қиёфага кирибди. Биринчи Президентимиз мақбараси ва катта айвонни кўриб, кўзимизга ёш келди. 

Мана шундай улуғлар қўним топган жойларни зиёрат қилиб, кўнглимиз таскин топди. 

Суннатилло Турғунов (Каттақўрғон шаҳридан):

– Самарқанд шаҳрига тез-тез келиб тураман. Эрта тонгдан зиёратни ўғил-қизларим ва ўн олти нафар набирам билан Амир Темур мақбарасидан бошладик. Бизнинг давримизда шаҳарга келиб кетиш осон эмасди. Мана шундай зиёрат жойлар, улуғ сиймолар ҳақида кам билардик. Шу боис набираларимни тарихимиз, буюк боболаримиз ва улар номи билан боғлиқ масканлардан хабардор қилиш мақсадида олиб келдим.

“Туркистон-пресс”