2017-02-28

Ўзбекнинг зукко шоираси

Бундан роппа-роса 40 йил муқаддам, айни шу кунларда Ўзбекистон халқ шоири Зулфияхоним бош муҳаррир бўлган “Саодат” журналида журналистлик фаолиятимни бошлагандим. Ўн йил бевосита Опанинг раҳбарлигида ишладим. Шундан кейин умрининг охиригача ёшу қари, ҳатто бир кўришни орзу қилган бу ажойиб инсон билан уйларида, турли тадбирларда ҳамроҳлик, ҳамсуҳбатлик, ҳамфикрлик насиб этди. Бир қатор ижодкор қизларга насиб этгани каби менга ҳам 20 йилга яқин қилган муносабатларимиздан қолган хотиралардан ҳамон сабоқ оламан. Йигирма йил тарих олдида бир зарра каби қисқа фурсат, албатта. Лекин бир инсон умри учун жуда катта имкониятлар дарёси бу муддат.

Биз — аёллар табиатан тез таъсирланамиз, атроф-муҳитга мослашишга, тақлидга мойилроқмиз. Кўпчилигимизда бошқалардан ажралиб туришга интилиш учрайди. Одамларнинг, воқеа-ҳодисаларнинг зоҳирини англаш, ҳис этишдан кўра, ботинига қараб андоза олиш ёки хулоса чиқаришга шошилган пайтларимиз кўп бўлади.

Зулфияхоним қоғоз, қалам тутганида ҳиссиёти кучли, тиниқ шоира бўлса-да, ҳаётда ҳар бир вазиятни ақл кўзи, сокин мушоҳада билан мулоҳаза қиладиган, муҳимни номуҳимларга, ҳою-ҳавасларга аралаштириб юбормайдиган аёл эди. Шу боис қачондир босган қадами, айтган сўзларидан қайтиб ўзини оқлаганини ёки армон билан гапирганини эслолмайман. Қисматида бир инсон бошига тушиши мумкин бўлган жуда кўп оғир синовлар бор экан: унаштирилган опасининг тўй арафасида касаллик туфайли вафот этиши, икки аканинг бахтсиз ҳодиса туфайли жувонмарг бўлиши, яна бир аканинг “халқ душмани” деб отиб ташланиши, 29 ёшида суюкли ёри — Ҳамид Олимжоннинг вафот этиши туфайли бева қолиши, икки фарзандга ҳам ота, ҳам оналик масъулияти, “Ҳижрон сатрлари” туркумининг мавзу ва кайфияти “бахтли совет замони” мафкурасига мос келмагани учун юқори минбарлардан қилинган аёвсиз танқидлар...    

Юртимиз мустақиллигини 76 ёшда кутиб олган Зулфия опа соғинч, ҳайрат, изтироблар ортидан чиққан туйғуларини:

Ҳуррият, келдингми, наҳотки, келдинг?!..

Пинҳона соғиндим, пинҳона кутдим.

Ёмғирга бағрини тутган саҳродек

Сенинг насимингга қалбимни тутдим, 

дея сатрларга тўкади. Лекин суҳбатларда, ўзаро мулоқотларда ўзини емирилган тузумнинг жабрдийдаси, янги кунларнинг қаҳрамони қилиб кўрсатишга уриниш Зулфия опада умуман йўқ эди. Шоира қалбидаги элга қисматдошлик туйғуси ўзини бошқалардан ажратиб кўрсатишга изн бермасди, менимча. Муҳими, Зулфияхоним табиатидаги миллий ғурур, ўз шахси тимсолида халқнинг қадр-қимматини асраш, баланд кўтариш фазилати туфайли умрининг охиригача виждонига тик қарай олди.

Собиқ совет тузуми даврида Зулфия опа бутуниттифоқ хотин-қизлар қўмитасининг республикамиз бўлими раҳбари эди. Қўмитанинг турли тадбир, йиғинларига тез-тез таклифлар келар, лекин бу каби йиғинларга ўзи бормай, доим ўринбосарини юборарди. “Бундай сафарларга кўп аёллар учиб-қўниб тайёр туради-ю, нима учун Зулфия опа?..” – ходимлар ўзаро суҳбатларда шунга ҳайрон бўлардик. Йиллар ўтиб, гапдан-гап чиқиб, мана бу воқеани гапириб берганди:

— Бир гал Москвага, хотин-қизлар қўмитасининг тадбирига таклиф қилишди. Қўмитага кириб борганимда, у ерда ўтирган ходимлардан бири: “Ўзбекистонда узум пишдими?” – деб қолди. “Ғарқ пишди” деган жавобимни эшитиб: “Наҳотки, икки килогина узум кўтариб келиш мумкин бўлмаса?” – деб кулди. “Мумкин, – дедим. – Лекин мен кўчада оғир сумкаю, халталар кўтариб юришга одатланмаганман. Бизнинг халқимизда аёллар бундай қилишмайди”. Тадбир тугади, шундан кейин бир гуруҳ аёллар Африка давлатларидан бирига учдик, у ерда учрашувлар ўтказдик. Ҳар кун якунида раҳбаримиз бирма-бир савол-жавоб қилар, нимагадир фақатгина мендан ҳар бир учрашувнинг икир-чикирларигача сўраб-суриштирарди. Бир куни унга: “Агар ишонмасангиз, ўрнимга бошқа одам юборинг ёки ўзингиз ҳамроҳ бўлиб боринг”, – деганимдан кейин эл қатори муомалага ўтди. Қайтишимизда бизга бир неча Африка аёллари қўшилиб келишди. Иссиқ қитъадан енгил кийимларда келган бу меҳмонларни иззатлаш самолётдан тушмасдан бошланди — уларга иссиқ пўстинлар кийдиришди. Ташқарида бир нечта машина кутиб турган экан, масъул ходим ким қайси машинага ўтиришини маълум қилди. Фақат менга индамади. Ҳамма жўнаб кетди, аэропортда ҳамроҳларсиз қолдим. Тушундимки, бу муносабатлар қуруқ қўл билан келганимни комитетдагиларнинг барчаси билганининг акс садоси эди. Эртасига сафар ҳужжатларини расмийлаштириш учун қўмитага борганимда Тошкентга учишим учун самолётга чипта буюриш “эсларидан чиқиб қолгани”ни айтишди. “Майли, мен юртимга учиб кетаман. Лекин бу даргоҳга энди қадам қўймайман, — дедиму чиқиб кетдим ва қайтиб қадам босмадим”.

Шу ўринда яна бир воқеа ёдимга тушди. Суратлардан бирида Ҳиндистоннинг марҳум Бош вазири Индира Ганди билан Зулфияхоним бир-бирларининг елкасига қўл ташлаб турган лаҳзалар муҳрланган. Бунинг тарихи ҳам ажойиб: шоира бир қатор халқаро мукофотлар, жумладан, Ҳиндистоннинг Жавоҳарлал Неру номидаги мукофтига ҳам сазовор бўлган. 1968 йили шу мукофотни олиш учун Ҳиндистонга боради. Мукофотни Ганди хоним топшириши аввалдан маълум бўлгани учун сураткашлар тақдирланувчилар орасида ягона аёл — Зулфияхонимдан мукофотни қабул қилиб олиш вақтида Индира Гандини қучоқлаб миннатдорлик билдиришни илтимос қилишади. Шунда Зулфия опа уларга: “Мен Индира Ганди хонимнинг мавқеини ҳам, ўз ўрнимни ҳам яхши биламан. Мукофотни топширишда ҳукумат раҳбари менга қандай муносабат кўрсатса, шунга лойиқ жавоб қайтараман,” — дейди.

Залга шахдам қадамлар билан Ганди хоним кириб келади, тақдирлаш маросими бошланади. Мукофотни топшираётганда Индира хоним Зулфия опанинг қўлини самимий қисиб табриклайди, шоирамиз миннатдорлик билдириб ўрнига қайтади. Маросим тугагач, Индира Ганди яна шахдам қадамлар билан ташқарига йўналаркан, чиқиш эшиги олдида шарт орқасига бурилади ва жилмайиб, изига қайтади. “Ўша лаҳзада Индира хоним мен томонга келаётганини тушундим ва унга пешвоз чиқдим”, — деганди Зулфияхоним. Сураткашларнинг ҳам ниятлари холис экан, икки муҳтарам аёлнинг самимий, улуғвор қиёфалари авлодларга эсдалик бўлиб қолди...

Зулфияхонимнинг қалби қадамларида, амалларида очилади. “Мен кимларгадир устозман, деб даъво қилмайман, аммо кимдир мени ўзига устоз деб билса, бундан хурсандман, миннатдорман”, — дер эди. Давраларда, суҳбатларда “Шоира Зулфияни ўзимга устоз деб биламан”, — деган гапни осонгина айтиб юборамиз. Агар шогирдлик моҳияти шеър ёзиш ёки ашула айтиш, дўппи тикиш ёки мусиқа чалиш, мураккаб масалаларни ечиш ёки сувда сузиш... кабиларни ўргатиш, маслаҳат беришдангина иборат бўлса, устозлик мақомию шогирдлик саодатининг моҳияти жуда камбағаллашиб, хиралашиб, ғариблашиб кетган бўларди.

Юқорида Зулфияхонимнинг халқаро воқеаларга тааллуқли вазиятларда ўзини тутишга оид хотираларини эсладим. Зеро, баъзиларга арзимасдай туюлган инсоний муносабатларда ҳам шоира ўз шаъни, қадрига заррача ғубор тушириши мумкин бўлган ҳар қандай манфаатдан шарт юз ўгирадиган юксак маданият, маънавият соҳибаси эди. Қаерда бўлмасин, унинг тимсолида халқимиз номи ва шарафи улуғланди: бир мукаррам инсон, ўзбек аёли, она, зукко шоира, элсевар арбоб сифатида меҳр-муҳаббат қозонди, эъзозланди. Зулфия — мақоми баланд устоз. Унга муносиб шогирдлик саодати фақат мағрур авлодларга насиб этсин.

Муҳтарама УЛУҒОВА,

Ўзбекистон Республикасида

хизмат кўрсатган маданият ходими

(“Туркистон-пресс”).