2018-12-10

100 га яқин кўнгилли талабалар қон топширди

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ташаббуси билан жорий йилнинг 3-4 декабрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 26 йиллиги арафасида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож болаларни қўллаб-қувватлаш, фуқароларни кўнгилли равишда қон топширишга чақириш орқали бемор болаларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, жамиятда инсонпарварлик ва меҳр-оқибат ғояларини тарғиб қилишга қаратилган анъанавий хайрия акцияси ўтказилди. Бу ҳақда партия Матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ҳам Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг мазкур хайрли ташаббусини қўллаб-қувватлаган ҳолда, ушбу савобли ишга ўз ҳиссасини қўшиш истагини билдирди.

6 декабрь куни Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида бўлиб ўтган акциянинг навбатдаги сонида иштирок этиш учун юзлаб донорлар кўнгилли равишда ҳозир бўлишди. Кўнгиллилар орасида қон бериш учун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, университет ходимлари, профессор-ўқитувчилар, талабалар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳам иштирок этишди.

Талабаларга лойиҳа давомида Республика қон қуйиш марказимутахассислари томонидан қон топшириш имкониятлари, хавфсизлиги, унинг бошқа инсонлар ҳаётига зарурлиги ҳамда саломатлик учун фойдали жиҳатлари ҳақида тушунчаларберилди.

Акцияда иштирок этган университет вакиллари ҳар қандай иккиланишларсиз бағрикенглик намунаси сифатида тиббий эҳтиёжлар учун қон топширдилар.  Инсонпарвар ва доим халқ учун қайғурувчи ушбу соҳа вакиллари мамлакат аҳолиси саломатлигини ҳимоя қилишга муносиб ҳисса қўшиш билан бирга, бошқа соҳа вакилларини ҳам шу каби хайрли ишларга чорладилар.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси билан Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ўзаро ҳамкорликда бу каби хайрия акцияларини доимий равишда ўтказишга келишиб олишди.

Акция давомида беғараз қон топширган устоз ва талабаларга партия ташаккурномаси ва эсдалик совғалари топширилди.

“Туркистон-пресс”